Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг бир гуруҳ талабалари, ёш олимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари шу кунларда Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг Миллий университетида бўлиб туришмоқда.

    Бу сафар СамДУ ҳамда Ҳанкёнг Миллий университети ўртасида қўлга киритилган, етти йилга мўлжалланган халқаро лойиҳа доирасида ташкил этилди. Унга кўра, университетимизнинг 14 нафар талабаси, ёш олими ва профессор-ўқитувчиси “ақлли қишлоқ хўжалиги” ҳамда мева-сабзавотчилик соҳасида замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш мақсадида Жанубий Кореяга жўнаб кетди.

    Сафар давомида талабаларимиз Ҳанкёнг Миллий университети президенти, профессор Вонҳее Ли жаноблари билан учрашиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига бўлган қизиқишлари ва ушбу йўналишда чуқур билим олиш истакларини намоён этдилар.

    Шунингдек, иштирокчилар университетнинг турли илмий лабораториялари, тадқиқот марказлари ва замонавий иссиқхоналарида бўлиб, ақлли технологиялар асосида олиб борилаётган ўқув жараёнлари ҳамда илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишмоқдалар. Жумладан, боғдорчилик биотехнологияси лабораторияси, “Ҳансалим” қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таҳлили маркази, агрокимё ва тупроқшунослик лабораториялари, шунингдек, университетнинг дала тажриба майдонларидаги ишлар билан танишиш имконига эга бўлишди.

    Мазкур халқаро лойиҳа доирасида ҳар йили СамДУнинг 14 нафар талабаси ва ёш олими Ҳанкёнг Миллий университетида замонавий қишлоқ хўжалиги бўйича икки ҳафталик интенсив ўқув курсларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.