"Карьера куни" меҳнат ярмаркаси…

Самарқанд давлат университетида талабалари, айниқса битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иш берувчиларни жалб қилган ҳолда "Карьера куни" меҳнат ярмаркаси” ўтказилди. Ушбу муҳим тадбирни Самарқанд давлат университетининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев кириш сўзи билан очди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича олиб борилаётган режали тадбирлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Жорий ўқув йилида битирувчи мақомидаги 5698 нафар талабалардан 5424 нафари бугунги кунда ишга жойлашган. Улардан 1683 нафари халқ таълимида, 128 нафари ўрта махсус таълимда, 41 нафари олий таълимда, 16 нафари фан ва тадқиқот соҳасида, 47 нафари саноат ишлаб чиқаришида, 186 нафари қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалигида, 66 нафари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳада, 58 нафари банк, солиқ, суғурта ва молия соҳасида, 63 нафари прокуратура, ички ишлар тизимида, 73 нафари сервис, хизмат кўрсатиш, 122 нафари тадбиркорлик фаолияти, 275 нафари бошқа соҳа ва тармоқларда, 550 нафари мактабгача таълимда, 25 нафари муддатли ҳарбий хизматда, 217 нафари ўқишни давом эттираётган битирувчилардир. 334 нафар битирувчи оналик таътилида ва 1540 нафари эса ишга жойлашиш жараёнида.
Университетда битирувчи курс бўйича ишга жойлашиш умумий 95.2 фоизни ташкил этмоқда. 3-курс бўйича 2923 нафар талабадан 601 нафари бугунги кунда ишга жойлашган. Бундан 429 нафари (71.3 фоиз) ўз соҳаси бўйича, қолган 172 нафари (28.7 фоиз) бошқа соҳа ва тармоқларда ишга жойлашган. Университетда 3-курс бўйича ишга жойлашиш 20,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўтказилаётган меҳнат ярмаркасида Мактаб ва мактабгача таълим тизими ташкилотлари, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Самарқанд давлат қурилиш институти, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали, Самарқанд мусиқа ва драма театри, Самарқанд шаҳар тиббий жарроҳлик маркази, Самарқанд вилояти А. Пушкин номидаги АКМ, "Интер Инженеринг" МЧЖ, “Агромир" МЧЖ, "Зарафшон Текстиль", "Самарқанд гилам заводи" МЧЖ, "Афросиёб Жинс", "Самарқанд кимё заводи", "Миллий банк", "Халқ банки", "Агробанк", "Гарант банк", "Турон банк", "Фрейедом Брокер", Самарқанд авто заводи, “MAN” заводи ва бошқа кўплаб ташкилотлар фаол иштирок этмоқда.
Тадбир давомида иш берувчиларнинг вакиллари битирувчилар билан бевосита мулоқотда бўлдилар ва номзодларни дастлабки саралашдан ўтказишди. Битирувчилар ўзлари танлаган соҳа, корхона ва ташкилотларда мавжуд иш ўринлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.