Самарқанд давлат университети профессори 2 миллиард 687 миллион сўмлик грант соҳиби бўлди...

Самарқанд давлат университети география ва табиий ресурслар кафедраси профессори, география фанлари доктори Ваҳоб Рафиқов томонидан тайёрланган “Орол денгизи қуриган тубидаги туз ва қум миграциясининг комплекс минтақавий прогнозлаштириш моделларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган танловда истиқболли деб топилди.
Мазкур лойиҳа Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш, чўлланиш жараёнларини илмий асосда баҳолаш ҳамда ҳудудий прогнозлаштириш тизимини шакллантиришга қаратилган бўлиб, уни молиялаштириш учун 2 миллиард 687 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Лойиҳа доирасида Оролқум чўлида содир бўлаётган экологик ўзгаришлар, хусусан туз ва чангнинг ҳудудлар бўйича тарқалиш динамикасини аниқловчи илғор рақамли моделларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.