Самарқанд давлат университети Хитойнинг Ляонин Нормал университети билан ҳамкорлик қилади…

Самарқанд давлат университетига Хитойнинг Ляонин Нормал университети партия қўмитаси раиси Лин Йинг бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.
Учрашувда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Отабек Маҳкамов ҳам иштирок этди. Ляонин университетининг илмий салоҳияти, мавжуд имкониятлари ҳамда икки олий таълим муассасаси ҳамкорлигида қўшма лабораториялар ташкил этиш бўйича режаларга тўхталди.
СамДУ ректори Рустам Холмуродов ўз навбатида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари илмий соҳада тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади. Ўрта Осиёнинг долзарб муаммоларини биргаликда ўрганиш, сув ресурсларидан фойдаланиш ва сув оқимларини бошқариш, аграр ҳамда техник-технологик йўналишларда таълим сифатини ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, томонлар ғарб маданиятининг маънавий-маърифий соҳаларга таъсирини таҳлил қилиш, ижтимоий-сиёсий ва техник-технологик тараққиёт йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш, психология ва география соҳаларида магистратура ҳамда докторантура босқичларида қўшма дастурларни йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.
Учрашув якунида томонлар билдирилган фикр ва таклифларнинг амалий натижалар беришига ишонч билдирдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.