Самарқанд давлат универитети олимлари халқаро форумда иштирок этди…

Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов ва математик физика ва функционал анализ кафедраси мудири, академик Саидаҳмад Лақаевлар Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Ташриф доирасида улар СамДУ, Хитойнинг Сиан Жиатон университети ҳамда Қозоғистон Миллий университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Иккинчи Марказий Осиё – Хитой яшил энергетика академиклар форуми”да фаол иштирок этдилар.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Фанлар академиялари, олий таълим муассасалари, шунингдек, таълим соҳаси билан чамбарчас боғлиқ корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида яшил энергетика соҳасида муқобил манбалар самарадорлигини ошириш, илмий ютуқлар ва муҳандислик ечимлари алмашинуви, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, халқаро стажировкалар ташкил этиш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга оид қатор бандларни ўз ичига олган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Академик Саидаҳмад Лақаев форумда “Яшил энергетикани ишлаб чиқишда математика трендлари ва иловалари” мавзусида илмий маъруза билан иштирок этди. Унинг чиқиши иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Шунингдек, СамДУ проректори профессор Акмал Ахатов Сиан Жиатон ва Қозоғистон Миллий университетлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида робототехника, сунъий интеллект, геоахборот тизимлари каби илғор йўналишларда малака ошириш курсларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.