ҚАЛБЛАРДА ЯШАР УСТОЗ

2025 йил 27 май куни Самарқанд давлат университетида узоқ йиллар ишлаган, бутун умрини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган, рус тили ва адабиётини ўқитиш орқали халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган филология фанлари доктори, профессор Евгений Малиновский хотирасига бағишланган “Қалбларда яшар номи...” ("В душе каждого оставлен след…..") номли конференция бўлиб ўтди.
Анжуманни Самарқанд давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Аҳадов кириш сўзи билан очиб, Евгений Малиновскийнинг илм-фан, таълим соҳасидаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
Профессор Малиновскийнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ўз ишига садоқат намунасидир, илм-фан ва таълимга хизмат қилиш учун ўзини қай даражада бағишлаш мумкинлигининг намунасидир. Унинг илмий ишлари, педагогик фаолияти, филология фанига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлиб, сезиларли из қолдирган. Унинг ишлари, шогирдлари, ибрати - буларнинг барчаси маданий меросимизнинг бир қисмидир.
Унинг номи рус фразеологиясининг ривожланиши, айниқса, профессорлар Леонид Ройзензон ва Юлия Авалиани томонидан асос солинган Самарқанд фразеология мактаби фаолияти билан узвий боғлиқ. Евгений Андреевичнинг бу мактабга, унинг назарий ва амалий жиҳатларини ишлаб чиқишга, ривожланишига қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, таққослаб ҳам бўлмайди.
Филология фанлари доктори, профессорлар Жўлибой Элтазаров, Ибодулло Мирзаев, Жума Ҳамроев, СамДУ жаҳон ва рус адабиёти кафедраси мудири, профессор Шаҳноза Эшниёзова, факультетлараро рус тили кафедраси мудири, доцент Салиҳа Усмонова ва бошқалар сўзга чиқиб, зукко олим, заҳматкаш устоз хотирасига чексиз эҳтиром билдирдилар.