Самарқанд давлат университетига Хитой қишлоқ хўжалиги механизацияси фанлар академияси раиси Ма Жинг Чун бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. 

    Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.

    Мулоқотда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, докторант ва ёш тадқиқотчиларни стажировкаларга юбориш, профессор-ўқитувчилар ўртасида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. 

    Самарқанд давлат университетида Хитой қишлоқ хўжалиги механизацияси фанлар академиясининг илмий марказини ташкил этишга келишилди. Марказни лойиҳалаштириш, фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида СамДУнинг 4 нафар мутассаддиси Пекин шаҳрига борадиган бўлди. Марказнинг асосий вазифаси сувни тежовчи суғориш технологияларини Ўзбекистонга жорий қилиш ҳамда Хитойда ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалик экинларини парваришлаш, ишлов беришда қўлланиладиган техникаларни ўрганишдан иборат. 

    Шунингдек,  СамДУ да Хитой қишлоқ хўжалиги машиналари технопаркини ташкил этиш имкониятлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди ҳамда дастлабки келишувларга эришилди.

    Маълумот учун, Хитой қишлоқ хўжалиги механизацияси фанлар академияси Хитойнинг энг қадимий, йирик ва энг кўп тадқиқот олиб борадиган миллий илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Мазкур академия таркибида 16 институт мавжуд. 4 мингга яқин профессор-ўқитувчи ва ходимлар фаолият кўрсатади. Шундан 550 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган. Академия олимлари томонидан  2700 халқаро патент, 1500 миллий лойиҳалар бажарилган. 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.