Тарихдан тарихга ташриф...

Ғарбда Рим,
Шарқда Самарқанд...
“Барча йўллар Римга олиб боради” – бу атаманинг келиб чиқишига V асргача Рим империясида 85 минг километрдан ортиқ йўллар барпо этилгани сабаб, деб кўрсатилади. Агар Рим империясининг харитасига қаралса, ўша даврда қурилган барча йўллар айнан Римда туташганлигини кўрамиз. Рим империяси даврида йўллар шунчалик мустаҳкам ва стратегик аҳамияти юқори бўлганлигидан ҳаттоки бугунги замонавий Европа йўлларининг асосий қисми айнан Рим империяси даврида қурилган тош йўллар устида барпо этилган. Дарҳақиқат, эрамизнинг бошидан илк Ўрта асрларгача Рим империяси Жанубий ва Ғарбий Европа, Яқин Шарқ ва бутун Шимолий Африкани бирлаштирган, майдони 5 миллион кв.км га эга бўлиб, ўз даврининг энг ривожланган давлати бўлган. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Рим империяси тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам бутун Ўрта ер денгизи соҳилларини эгаллаган ягона давлат бўлган.
Замонавий Италия Европа қитъасининг жанубида, соҳилларини Ўрта Ер денгизи ювиб турувчи Апенин ярим оролида жойлашган давлатдир. Майдони 301,2 минг км.кв. Аҳолиси 60 миллион киши. Йирик шаҳарлари Рим, Турин, Милан, Неапол, Генуя, Венесия шаҳарларидир. Автомобилсозлик саноати дунёда етакчилардан ҳисобланади энг қимматбаҳо автомобиль моделларидан “Бугатти”, “Феррари”, “Ломбаргини”, “Масератти” каби автомобиллар Италияда ишлаб чиқарилиб, бутун дунёга экспорт қилинади. Энг қизиғи аксарият италияликлар “Фиат” сингари нисбатан арзон автомобилларда юришади. Италия модалар мамлакатидир: “Гуccи”, “Прада”, “Версаги”, “Долcе Габбана”, “Гиоргио Армани”, “Роберто Cавалли”, “Фенди”, “Валентино”, “Труссарди”, “Бенеттон” каби жаҳонга машҳур брендларнинг барчаси Италияга тегишлидир, бу борада дунёнинг бирор мамлакати уларга тенг келолмайди. Милан шаҳри дунёнинг модалар пойтахтидир.
Бугунги кунда Италия қадимий маданиятлар ва замонавий илм-фан тўқнашган классик мамлакатдир. Жаҳонга машҳур кашфиётчилар: Леонардо Да Винчи, Христофор Колумб, Марко Поло, Жон Кабот, Америго Веспуччи, Тосканелли каби олимлар дунё илм фанида ўчмас из қолдиришгани ҳаммага маълум.
ЮНЕСКО маълумотлари бўйича бутун дунё маданий ва санъат меросининг 70 фоиз Италия ҳудудида жойлашган бўлса, қолган 30 фоиз бутун дунё бўйлаб сочилган. Италияда 3000 дан ортиқ музейлар бор. Қадимий шаҳарлардан Рим, Венесия, Флоренсия, Милан, Неапол, Генуя, Пиза каби шаҳарлар ҳақиқатдан очиқ осмон остидаги музей шаҳарлардир. Италияда ландшафт компонентларининг барчасини учратиш мумкин булар; денгизлар, кўллар, дарёлар, музликлар, тоғлар, текисликлар, ўрмонлар ва бутазорлар, улкан яйловлар, бепоён қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, ситрус мева плантациялари ҳатто кичик ботқоқликлар ва даштлар, тоғ этакларидаги мўъжазгина эртакнамо қишлоқлар ва улкан агломерациялар, денгиз бўйларидаги курорт зоналар ва ҳатто Везувий, Стромболи, Этна каби ҳаракатдаги вулқонларни ҳам учратасиз. Айнан мана шундай табиат мўъжизаларини, қадимий ёдгорликларни кўриш учун ва машҳур Италян ошхонасидан баҳраманд бўлиш учун бутун дунёдан ҳар йили ўртача 50 миллион сайёҳ келади.
Италия давлатининг пойтахти Рим шаҳри ҳисобланади. Пойтахт, Рим провинсияси ва Ласио вилоятининг маъмурий марказидир. Унинг ғарбий қисмида Ватикан шаҳар-давлати жойлашган. Рим дунёдаги энг қадимий ва тарихий ҳамда маданий ёдгорликларга бой шаҳарлардан бўлиб, "мангу шаҳар" номини олган. Бу заминдаги ҳар бир тош 2000 йиллар аввал ялтираб сайқалланган бўлиб, ҳар ким ўқиши керак бўлган тирик тарих китобидир. Абадий шаҳар ҳақида гапирилганда, Сезар, гладиаторлар, Колизей, Рим папаси ва Ватикан, улуғвор харобалар, қадимий Пантеон, бизга замонамизнинг деярли барча уй-рўзғор буюмлари, фалсафа, расм ва адабиётни берган қудратли Рим империяси ёдга олинади.
Рим узоқ вақтдан бери шунчаки шаҳар ва Италиянинг пойтахти бўлибгина қолмай, бутун инсоният учун куч-қудрат масканига айланган. Унда 2000 йил орқага қайтиб, ҳаммаси қандай бошланганини кўриш мумкин.
Бугунги Рим том маънода замонавий дунёнинг марказига айланмоқда, ҳар қандай шаҳарга борганда саёҳатни аеропортдан бошлайсиз. Римдаги Фумичино аеропорти дунёдаги энг йирикларидан биридир, ундан жаҳоннинг 200 дан ортиқ шаҳарларига қатновлар амалга оширилади. Аеропорт ҳудуди энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб ўзингизни комфортда ҳис қиласиз.
Рим туризм, илм-фан, маданият, спорт, савдо, гастрономия ва форумлар марказига айланган. Кўчаларда ҳар қадамда туристларни, талабаларни ва кичик кафеларда овқатланиб ўтирган одамларни учратасиз.
Римдаги олий ўқув юртларининг кўпчилиги дунёнинг Топ-1000 талик рейтингларига киради. Айнан Италия таълим учун хорижликларга кўплаб грантлар ажратади, талаб қилинадиган нарса инглиз ёки италян тилини академик даражада билишлик ва ўз мутахассислигидан креатив билимларга эга бўлишликдир.
Мен иштирок этган халқаро конгресс “Глобал иқлим ўзгариши ва экологик барқарорлик” мавзусида АҚШнинг “Times Scientific Group” илмий жамияти томонидан ташкил этилди. Кун тартибидан Глобал иқлимнинг ўзгариб бораётганлиги, экологик муаммолар, музликларнинг эриши, чучук сув ва озиқ-овқат муаммоси, атмосферанинг ифлосланиши ва уларнинг ечимини топиш каби бир қатор масалалар ўрин олди.
Самарқанд – Рим – Самарқанд.
Азамат ФОЗИЛОВ,
Самарқанд давлат университети доценти.