Самарқанд давлат университетига Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЕ) бош директори ўринбосари Ҳуа Лиу бошчилигида 23 давлат вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

    Мартабали меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг ўринбосари Сардорбек Якубеков ҳамда ушбу қўмитанинг илмий маркази директори Иброҳим Тошкенбоев ҳамроҳлик қилди.

    Меҳмонлар аввало СамДУнинг Ядро физикаси лабораториясида бўлиб, МАГАТЕ грантлари маблағлари ҳисобидан яратилган замонавий лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов делегация аъзолари билан учрашув  ўтказди. Мулоқотда замонавий ядро технологияларини илм-фан ва ишлаб чиқариш амалиётига жорий этиш, ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

    Маълумот ўрнида: Самарқанд давлат университети олимлари 2012-йилдан буён МАГАТЕ лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу кунгача университет учта грант лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириб, умумий қиймати 667 минг еврога тенг бўлган маблағни илмий тадқиқотларга йўналтиришга муваффақ бўлди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.