Самарқанд давлат университетида қўшма таълим дастурларини 2024-йилда тамомлаган навбатдаги битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди...
Тадбирда Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов, халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров, профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари марказида шу кунга қадар 8 хорижий давлатнинг 11 олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда 13 бакалавр ва 10 магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурлари фаолияти йўлга қўйилган. 2023-2024-ўқув йилида 42 нафар бакалавриат ва 2 нафар магистратура талабалари ўқишини муваффақиятли тамомлади.
Маросимда Хитойнинг Шаанси Нормал университети билан ташкил этилган тарих, СТАНКИН Москва давлат технология университети билан ташкил этилган технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича) ва материалшунослик ва янги материаллар технологияси (тармоқлар бўйича) қўшма таълим дастурларини тугатган 27 нафар талабаларга ҳамкор олий таълим муассасаси ва Самарқанд давлат университетининг дипломлари топширилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати