Мазкур конференция Самарқанд давлат университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Россиянинг Психологик ва фанлараро тадқиқотлар федерал илмий маркази, Қозон Федерал университети билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

    Гибрид шаклида ўтказилаётган анжуманда 50 дан ортиқ хорижлик олимлар, тадқиқотчи ва магистрантлар маърузалари билан иштирок этмоқда.

    Конференциянинг ўтказишдан асосий мақсад ҳамкорликда долзаб бўлган психологик тадқиқотларни ўтказиш, нуфузли журналларда илмий мақолалар чоп этиш, халқаро грант ва лойиҳаларда иштирок этиш. Шунингдек, психологиянинг замонавий тадқиқотлари бўйича илмий ишларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

    Конференцияда олимлар “Шахснинг психологик маданияти ва унинг замонавий таълим шароитида ривожланиши масаласи”, “Олий таълимда ўқув жараёнини такомиллаштиришда замонавий психология фанининг янги вазифалари”, “Касбий имидж - замонавий ўқитувчининг хулқ-атворга таъсири”, “Фан ва амалиёт интеграцияси таълим тизимини такомиллаштиришнинг асоси сифатида”, “Ўқувчи мактабда нимани ўрганиши керак” каби мавзуларида маърузалари билан қатнашдилар.

    Конференция “Замонавий таълим маконида ўқув жараёни иштирокчиларининг психологик маданиятини ривожлантириш муаммолари”, “Иқтидор ва ижодкорликнинг психологик жиҳатлари”, “Психологик саломатлик ва инклюзив таълим муаммолари”, “Девиант шахснинг хулқ-атвори: психологик диагностика, олдини олиш ва коррекция қилиш”, “Таълимнинг замонавий шакллари: ўзига хос хусусиятлар, муаммолар, тенденциялар ва технологиялар”, “Таълимда ижтимоий алоқаларни самарали бошқариш” каби шўбаларга бўлинган ҳолда давом этмоқда.

    Конференция мақолалари электрон тўплам шаклида нашр этилиши режалаштирилган. Мазкур тўплам илмий электрон кутубхонага жойлаштирилади ва Россия илмий иқтибослар индексига (РИНЦ) киритилади.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.