Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида  Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати”,  “Дўстлик” орденлари соҳиби Энахон Сиддиқова таваллудининг 70 йиллиги муносабати “Қўлингизда китоб бўлсин!” мавзусида халқаро танлов ўтказилди.

Мазкур танловда Самарқанд давлат университети география ва экология факультети талабаси Маъмура Машарипова фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Танлов Қозоғистон Республикаси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий жамоат бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

- Мазкур танловда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия каби давлатлардан 300 га яқин талаба ва ўқувчилар онлайн иштирок этди, - дейди Маъмура Машарипова. – Танлов икки шартдан иборат бўлди. Биринчи шартда шоирнинг шеърига видеоролик тайёрлаш. Мен «Қутлов» шеърини танладим. Иккинчи шартда эса мазкур шеърга эссе ёздик. Видеороликда ҳар бир деталларига алоҳида эътибор берилди. Миллий либослар, саҳна маданияти, шеърни ифодали ўқишга алоҳида урғу қаратилди. Эсседа эса ёзма саводхонлик, эркин фикрлаш, сўзларнинг бир-бирига мослиги инобатга олинди.

Маъмура мазкур танловда ғолиб бўлганлиги учун Қозоғистоннинг Жумабек Ташенев университети ва Қозоғистон ўзбеклари этномаданий жамоат бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва факультет декани, профессор Субхон Аббосовларни Ташаккурнома билан тақдирлади.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.