Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти, филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетлари 2-курсида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди.

    Ота-оналар фарзандлари ўқиётган факультетларда бўлишди. Ўқув жараёнлари, лабораториялар, кутубхона, музейлар фаолияти билан танишди. Маърузалар зали, ошхона ва ётоқхоналардаги  шароитларни кўздан кечирди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди.

    Фильмда оддий оила фарзандларини таълим-тарбия олиш орқали юқори натижаларга эришганлиги акс эттирилган. Мазкур фильм тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.

    Фильм намойишидан сўнг Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ота-оналар билан мулоқот қилиб, чет тилларини ўрганишнинг аҳамияти, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги роли, талабаларга яратилган шароитлар, уларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида алоҳида тўхталди.

    - Мен  Самарқанд давлат университети математика факультетида ўқиганман, - дейди Абдумажид Давиров. – Бугун жонажон университетимни кўриб ҳайратландим. Наҳотки, шунчалик ўзгаришлар бўлган бўлса? Биз ўқиган ва ҳозирги даврдаги шароитни таққослаб бўлмайди. Мен бугун икки карра хурсандман. Қизим Адиба Муҳандислик физикаси институтининг иқтидорли талабаси, қолаверса, бугун у сабаб ташаккурномага эга бўлдим. Ҳар бир ота-онага фарзанди туфайли раҳмат эшитиш завқ бағишлайди. Муҳандислик физикаси институти фаолияти билан обдон танишдим. Биз ижтимоий тармоқлар орқали кўрадиган хорижий университетларнинг шароитларидан қолишмаслигига амин бўлдим. Президентга раҳмат, фарзандларимиз учун чексиз имконият яратиб бермоқда. Буни оқлаш учун ҳам болаларимиз тинимсиз меҳнат қилиши керак…

    - Қизим Маржона 2023 йилда СамДУ филология факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, барчамизни хурсанд қилган эди, - дейди Зебо Ҳамроева. – Бугун иқтидорли талабалар сафида эканлигини эшитиб яна қувондим. Самарқанд давлат университети ректоридан миннатдорман. Фарзандларимиз учун махсус гуруҳ ташкил қилиб, ўқиши алоҳида назоратга олинган. Учрашувда фильм намойиш этилди, кўриб таъсирландим. Талаба ва ота-оналар учун ибрат бўлди. Жамиятга билимли болаларни берган ота-она қадрланади. Бугундан бошлаб фарзандимни ўқишига яна бир бор масъулият билан ёндашаман…

    - Ўглим Алишер дастурлаш соҳасига қизиққани учун СамДУ интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетига ўқишга кирганди. Бугун факультетда яратилган шароитларни кўриб, фарзандларимизга ҳавас қилдим, - дейди Бобур Маликов. - Факультетда ҳақиқий илмий муҳит бор.  Замонавий, шинам хоналарга эга. IT марказини кўриб қувондим. Бугунги учрашув ота-оналар учун манфаатли бўлди. Фильм қаҳрамонларидан бири ҳиндистонлик Синдар Пучаининг ҳаётини эшитиб, унинг отасига қойил қолдим. Фарзандига қилган сармояси орқали, бугун у дунёдаги энг бахтли оталардан бири, унга ҳавас қилдим. Болаларимизнинг янада яхшироқ ўқиши учун биз университет билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

    - Бугунги учрашувга онам келдилар. Факультет, университет муҳити билан таништирдим. Ўзим яшайдиган ётоқхонанинг шароитларини кўрсатдим, - дейди СамДУ филология факультети талабаси Муштарийбегим Исмоилова. - Онам бир вақтлар ўқишга кирган, лекин маълум сабабларга кўра ташлаб кетган...Онам менга фақат яхши ўқишим кераклигини такрор-такрор айтади... 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.