Самарқанд давлат университетига Италиянинг Саленто университети ректори Фабио Поллисе бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмон билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.

    Мулоқотда томонлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Озиқ-овқат хавфсизлиги, минтақа муаммоларига бағишланган тадқиқотлар олиб бориш, янги лабораториялар ташкил этишга келишилди. Иқлим, яйлов, энергетика муаммоларига ечим топадиган марказларни очиш бўйича фикрлар алмашилди.

    Учрашув давомида қўшма таълим дастурларини шакллантириш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ёзги мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

    Музокара натижасида СамДУ олимлари Саленто университети профессор-ўқитувчилари билан долзарб мавзулардаги тадқиқотларни ҳамкорликда олиб борадиган бўлди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.