Самарқанд давлат университетига Малайзиянинг Пендидикан Султан Идрис университети проректори, профессор Марзита бинти Путеҳ бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Асосий мақсад халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, магистратура ва докторантура йўналишларда алмашинув дастурларини муҳокама қилишдир.

    Юқори мартабали меҳмонлар билан СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов учрашув ўтказиб, таълим соҳасига оид кўплаб гранд лойиҳалар устида иш олиб бориш, давлат стипендияларни қўлга киритишга алоҳида эътибор қаратди.

    Мулоқот чоғида ахборот технологиялари, муҳандислик, физика, интернет ҳисоблаш, компьютер графикаси, сунъий интеллект, муҳандислик технологияси, молиявий менежмент, иқтисод, эконометрия, инсон ресурсларини бошқариш, география, тарих, механика, психология ва педагогика каби бир қатор йўналишларида фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчи ва талабалар ўртасида академик алмашинув масалалари кўриб чиқилди.

    Музокаралар давомида келажакда томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, халқаро QS, ТHE рейтингларида бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби истиқболли фикрлар илгари сурилди.

 

    Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати ходими,

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.