Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд давлат университетига шу йилнинг феврал ойида Олтой давлат университети проректори Роман Райкин бошчилигидаги делегация ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф натижасида Самарқанд давлат университети негизида Олтой давлат университетининг “Марказий Осиёнинг арид ва тоғ экосистемалари қуруқлик бўғимоёқлиларининг систематикаси ва фаунаси” лабораториясини ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланган. Мазкур келишувнинг давоми сифатида Самарқанд давлат университетига Олтой давлат университети профессори, ҳашаротлар систематикаси соҳасида дунёнинг етакчи олимларидан бири, Scopus базасига кирувчи (Q2) “Acta Biologica Sibirica” журналининг бош муҳаррири Роман Яковлев ташриф буюрди.

    Ташрифнинг биринчи кунида “Acta Biologica Sibirica” журналининг таҳрир аъзолари СамДУ биология факультетида “Юқори рейтингли журналда мақола чоп этиш: ғоядан нашргача” мавзусида семинар ўтказди. Семинарда табиий фанлар йўнлишида сифатли тадқиқот олиб бориш ҳамда ушбу тадқиқот натижаларини юқори рейтингли журналларда чоп этишда эътибор берилиши лозим бўлган асосий жиҳатлар ҳақида сўз юритилди. Маъруза тадбир қатнашчилари – профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, таянч докторант, магистрлар ва битирувчи талабалар учун ниҳоятда фойдали бўлди.

    Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов ва бўлим бошлиғи Мухтор Носировлар билан учрашиб, кейинги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

 

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати