Самарқанд давлат университети экология ва ҳаёт хавфсизлиги фаолияти кафедраси доценти Танзила Мажидова география ва экология факультетида хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси, декан маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.

    Олима саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (Самарқанд вилоятидаги И, ИИ тоифага кирувчи объектлар мисолида) мавзусида докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Илмий раҳбари Ўзбекистон Миллий университети профессори Акмал Тўрабоев.

    Бугунга қадар тадқиқотчининг тожик йўналишида таълим олувчи талабалар учун “Асосъҳои экология” (Экология асослари) номли дарслиги ҳамда 5 услубий қўлланмаси нашр этилган. Россия, АҚШ, Германия, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли журналларда 50 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари чоп этилган.

    - Жаҳон миқёсида бир қатор саноат тармоқларининг жадал ўсиши, ҳар хил ва мураккаб ифлослантирувчи моддалар миқдорининг кескин кўпайиши, ҳудудларда ҳаво ҳавзаларининг интенсив равишда ифлосланиши билан бирга инсон саломатлиги ва атроф муҳит ҳолатига катта зарар етказиб келмоқда, - дейди тадқиқотчи Танзила Мажидова. - Шу муносабат билан атроф муҳит ҳолатини яхшилаш, шунингдек, кўпчилик корхоналарда қулай санитария-гигиена шароитларини яратиш, ҳавони тозалаш тизимлари конструкциясини тубдан ўзгартириш муаммоси жуда долзарб бўлиб қолди. Ҳозирги кунда юртимизда барча соҳаларда ютуқларга эришиш, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида янги технологияларнинг жорий этилиши билан бир қаторда экологик вазият кескинлашувига ҳам олиб келмоқда. Сўнгги йилларда саноат ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан бир қаторда атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳам миқдор ва сифат жиҳатидан ортиб бормоқда.

    Саноатдаги технологик жараёнларни жадаллаштириш, юқори технологияли энергия ва ресурсларни тежовчи тизимларни яратиш, янги технологик асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш ва жорий этишда катта ютуқларга эришишилмоқда. Шунингдек, атроф муҳитга зарарли чанг ва газсимон аралашмаларнинг жуда кўп миқдорда ташланишига,  бу билан атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган меъёридан ортиқ бўлишига ва атроф муҳитнинг сезиларли даражада ифлосланишига йўл қўйилмоқда.  

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.