ИЖОДКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Самарқанд давлат университетининг бош ўқув биноси мажлислар залида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида таниқли ижодкорлар ва талабалар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — шоирлар Янгибой Қўчқоров, Муҳиддин Абдусамад, Анвармирзо Қудратов ҳамда шоира Тозагул Жуманова иштирок этдилар.
Тадбир давомида ижодкорлар ва талабалар адабиётга, умуман олганда, китобга бўлган муносабат, ёшлар ўртасида бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни ўқиш ҳолати ҳақида фикр алмашдилар.
Мумтоз адабиётимиз дурдоналарининг барҳаёт маърифий аҳамияти, бугун яратилаётган асарларнинг ғоявий-бадиий жиҳатлари ва мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашдилар.
Бадиий адабиёт мутолааси ёшларнинг етукликка эришишида, ҳаётни теран тушунишда, миллий ўзлигини англашда ва инсоний фазилатларни шакллантиришда беқиёс аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Меҳмон шоирлар ўз асарларидан намуналар ўқиб бердилар. Қизиқарли учрашув ва маърифий суҳбат барчада катта таассурот қолдирди.















