Атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, маҳоратли мураббий, меҳрибон устоз Раҳмонқул Орзибековнинг қизи, Самарқанд давлат университети юридик факультети катта ўқитувчиси Хадича Орзибекова билан суҳбат

    -Ҳуқуқшунос бўлишингизга асосий сабаб нима?

    -Мактаб даврларидан бошлаб яхши ўқиганман. Мактабни олтин медал билан битирганман. Ўша йили тарих факультетида ҳуқуқшунослик бўлими очилган эди. Шунга ўқишга кирдим. Университетда аъло баҳоларга ўқиганим учун ўқитувчиларим ўқишимни давом эттиришни тавсия қилишган. Шу тариқа юридик факультетида фаолиятимни давом эттирдим. Кейинчалик адвокатура, вилоят ҳокимлиги, суд бўлимларида ишладим. Нафақага чиққанимдан кейин, яна қайтадан ташкил этилган юридик факультети талабаларига дарс беришни таклиф қилишди. Шу тариқа СамДУ даги фаолиятим давом этяпти.

    Илмга бўлган меҳрим отамдан ўтган деб ўйлайман. Ҳуқуқшунослик соҳасини танлашимга ҳам отам сабабчи бўлган. Кичкиналигимда отамдан нега исмимни Хадича деб қўйганини сўраганимда, Хадича исми эгалари жамиятда ўз ўрнига эга, лидер аёллар бўлишини айтиб, шулардан бири юридик соҳада академик даражасига эришган Хадича Сулаймоновани мисол қилиб келтирганди. Шу воқеадан сал ўтиб, дадам Тошкентга кетдилар. Қайтишда менга атаб китоб олиб келибдилар. Олиб қарасам, Хадича Сулаймонова ҳаёт йўлига бағишланган “Академик Хадича” деган китоб экан. Кейин китобни диққат билан ўқиб чиқдим. Олиманинг ҳаёт йўли билан танишар эканман, унинг ҳуқуқшуносдик соҳасига бўлган меҳри, бу йўлда бошдан кечирганларини ўқиб, менда ҳам бу соҳага ўзгача бир қизиқиш уйғонди. Шу тарзда ҳуқуқшунослик соҳасидан кетдим.

    Оилада уч қиз, икки ўғилмиз. Акам, Улуғбек Орзибеков физика-математика фанлари номзоди, укам кимё соҳасидан кетган. Сингилларим Меҳринисо ва Гулинисо халқ таълими соҳасида фаолият олиб боради. Ота-онам шу беш нафар фарзандларини тарбиялаб, яхши ўқитиб, жамият учун фойдали инсонлар қилиб улғайтиришди. Бизга жуда меҳрибон эдилар. Отам унчалик қаттиққўл ота эмасди. Бизни ҳеч қачон тергамаган, бирор нарсадан чекламаган. Ҳаёт йўлимда нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасида отамнинг ҳиссаси бор.

    Отам илм кишиси бўлгани учун уйимизда тез-тез катта-катта олимлар, академиклар келиб туришарди. Воҳид Абдуллаев, Ботир Валихўжаев, Суйима Ғаниева, Муслиҳиддин Муҳиддинов, Раҳматилла Қўнғуров, Суюн Каримовлар тез-тез келиб, отам билан илмий гурунгларда бўлиб туришарди. Ғайбулла Ас-Салом отамнинг қадрдон дўст эди.  У кишининг фарзандлари билан ҳали-ҳалигача борди-келди қилиб турамиз.

    Олимлар жамоасида отамнинг ўз ўрни, ҳурмат ва обрўси бор эди. Муомалада очиқ, дилкаш инсон эдилар. Ҳамкасблари, қўни-қўшниларга, танишлар тугул, бегона одамларга ҳам ҳамиша ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Ҳеч қачон қилган яхшилигига жавоб кутмасди. Берган ёрдамини берган жойида унутиб юборарди. Шу боис талабаларнинг севимли устози эди. Бирор кишига баланд овозда гапирганини эшитмаганман. Нутқи равон, жумлалари чиройли, овози моҳир нотиқларга хос, ҳуснихат соҳиби эди, оилапарвар инсон эдилар.

    Отам ҳамма билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилар, талабаларни худди фарзандидай кўрарди. Баъзида отамни талаба-шогирдларидан қизғанган вақтларим ҳам бўлган. Жуда кўп ишларди. Бўш ўтирганини эслолмайман. Кабинетидаги иш столида ҳамиша даста-даста китоблар турарди. Овқатга чақирсак, ҳеч қачон бирдан келмасдилар. Икки-уч марта чақирганимиздан кейин, шунда ҳам онамнинг қистови билан зўрға чиқарди. Чунки, ишини жуда яхши кўрарди. Китоблар жон-у дили эди. Тошкентга борсалар, албатта бир даста китоб кўтариб келарди. Уларнинг ҳаммаси ўзига бўлмасди, албатта. Биз учун, яқин шогирдлари, дўстлари учун ҳам бўларди...

    Ўғлим, Шароф Худойбердиев Самарқанд давлат университети биология факультети битирувчиси, ҳозирда Германиянинг Марбург университетида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. Отамнинг илм-фанга бўлган меҳрини, жонкуярлигини шу ўғлимда кўраман. Ўғлим турк лицейида ўқиган. Ўша пайтда Самарқандда турк лицейи бўларди. Шу лицейда ўқиб юрган пайтларидаёқ, халқаро олимпиадага қатнашиб бронза медали соҳиби бўлди. Талабалик чоғларида Президент стипендияси совриндори бўлди. Мен ҳеч қачон ўғлимга дарс қил, деб танбеҳ бермаганман. Лицейга ўқишга кирган вақтлари инглиз тилини умуман билмасди. Баъзи инглиз тилида ўтиладиган фанларидан қийналмасин деб, уни инглиз тилидан қўшимча дарсга бермоқчи бўлганимизда, “Йўқ, ўзим ўрганаман” деб, қисқа фурсатда чет тилини ўрганиб олганди. Ўшанда отам унинг тиришқоқлигини кўриб, “Ҳали ўғлинг бу зеҳни ва илми билан жуда катта одам бўлади”, дерди. Улуғ бобосининг башорати ва дуоси билан фарзандим бугун илм ортидан кўплар ҳавас қиладиган муваффақиятларга эришиб, халқимизга озми-кўпми фойдаси тегмоқда.

    -Илм фан билан шуғулланиш албатта кўп вақт талаб қилади...

    Илм, иш, оилани ҳамма вақт бир хилда олиб бориш, ҳаммасига бирдай вақт ажратиш имконсиз. Отам асосий вақтини иши ва илмга бағишларди. Шунинг учун оилада оилавий масалалар кўпроқ онамнинг гарданида эди. Ҳар бир қаҳрамон эркак ортида унинг қаҳрамонлик даражасига эришиши учун сабаб бўлган аёли туради. Инсоннинг ҳаёт йўлида қозонадиган муваффақиятлари, кези келганда бошига тушадиган яхши-ёмон кунларни сабр ва муваффақият билан босиб ўтиш умр йўлдошга ҳам боғлиқ. Отамнинг шундай инсон бўлишида онамнинг ҳам ҳиссаси катта. Онам ҳам асли Ўшдан. Оиламиз тақдирининг Самарқандга боғланиши ҳам бежиз эмас деб ўйлайман.

    Отам 1945-47 йилларда, жуда ёш бўлишига қарамай жамоа хўжалиги бошқарувида котиб, бош ҳисобчи ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. 1951 йил Самарқандга келиб, Самарқанд давлат университети филология факультетига ўқишга кирган. Университетда ўқиб юрган чоғларида Воҳид Абдуллаевнинг назарига тушиб, илмий ишларини давом эттириш учун шу ерда қолганлар. Кейин онам Тошхон ая билан оила қурган. Шу тариқа ёш оила Самарқандга кўчиб келган. Самарқандга келгач, онам ҳам филология факультетига ўқишга кирган. Олдинма кейин биз туғилганмиз. Шу тариқа тақдиримиз Самарқандга боғланган.

    Отам Самарқанд давлат университетидаги фаолиятини дастлаб ассистентликдан бошлаган бўлса, кейинчалик катта ўқитувчи, доцент, 1984 йилдан профессор лавозимларида фаолият кўрсатган. Олтмишинчи йиллар охирларида ўзбек адабиётшунослигида жуда кам ўрганилган мавзуларга қўл уриб, ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганишга жиддий киришганлар. Қолаверса, отам форс, араб тилларининг моҳир билган, бевосита қадимий қўлёзмалар билан ҳам ишлай олганлар.

    -Раҳмонқул Орзибековнинг қизи деган ном ҳаётингизда сизга қай даражада таъсир кўрсатди?

    Раҳмонқул Орзибековнинг қизи деган ном мени ҳамиша ҳар қандай вазиятда, ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Қаерга бормай, фамилямни эшитишлари билан бирданига мени таниб олишарди ва отам ҳақида эслашарди.

    Фаолиятим давомида маълум муддат судя бўлиб ишладим. Бу касб жуда масъулиятли касб. Бу ишда адолатли бўлиш, қонун тарафдан туриб вазиятга тўғри ва холис баҳо бериш муҳим ҳисобланади. Шу пайтларда отам билан ишим ҳақида гаплашиб қолганимизда “Қизим, ишинг жуда масъулиятли касб. Ҳамиша адолатли бўлишга ҳаракат қил. Вазиятга тўғри баҳо бер,” деб кўп айтардилар.

    Мен бутун умр ҳамиша Раҳмонқул Орзибековнинг қизи деган номга муносиб бўлишга ҳаракат қилиб яшадим. Машҳур инсоннинг қизи бўлиш осон эмас, масъулияти оғир. Очиғини айтганда, хато қилишга ҳаққим бўлмаган.

    -Шу масъулиятни қай даражада оқладим деб ўйлайсиз?

    -Маълум даражада оқлай олдим, деб ўйлайман. Инсон ўзидан яхши хотира, кўплаб илмий асарлар, олим-шогирдлар, фарзанду набиралар қолдирса, демак хаёти саодатли ва мазмунли кечган деб ҳисобланади. Илоҳим отамнинг руҳи шод, охирати обод бўлсин, боқий дунё саодатига эришсин. Уларнинг ёрқин хотиралари мудом ёдимизда...

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.