Ўзбекистон ва Япония ректорлари Самарқанд давлат университетида учрашди...
Самарқанд давлат университетида бугун Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари ректорларининг V форуми бошланди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон ва Япониянинг нуфузли олийгоҳлар раҳбарлари, хусусан, Нагоя, Цукуба, Когакуин, София, Киото чет тиллар университети, Токио метрополитен университети, Нагаоко технология университети, Гифу, Ямагата ва бошқа бир қатор университетларнинг ректорлари, фан арбоблари ҳамда мутахассислари иштирок этишмоқда.
Форумни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов очди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов форум қатнашчиларини муборакбод этди. Вазир таълим, илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликнинг тараққиёт нуқтаи назаридан аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири ўринбосари Масуко Ҳироши, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўз сўзида форум ишига муваффақиятлар тилади. Форум қатнашчилари ҳузурида сўзга чиққан Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Ҳирата Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги таълим, илмий тадқиқотлар соҳасида ҳам давом этиши алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади ҳамда ушбу ҳамкорлик истиқболига катта умид билдирди. Нагоя университети президенти Сугияма Наоши ва бошқалар ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш борасидаги бирламчи вазифалар хусусида фикр юритишди, икки давлат ўртасидаги илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик самаралари амалга оширилаётганини алоҳида қайд этишди.
Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари раҳбарлари форуми Самарқандда ўтказилиши илмий-таълимий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Икки мамлакат халқларини асрлар давомида боғлаб турган дўстлик ришталари бугун замонавий соҳалардаги амалий ҳамкорликда намоён бўлмоқда. Маълумот учун айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг 6 университети Япониянинг Цукуба, Нагоя, Киото, Осака, Токио хорижий тиллар ва Токио қишлоқ хўжалиги университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистонлик 1 600 дан ортиқ талаба япон тилини ўрганмоқда, 2 300 нафар ўзбекистонлик ёшлар япон университетларида таҳсил олмоқда. ЖДС дастури доирасида 444 магистр ва 9 докторант тайёрланди. Форумда Нагоя университетининг Тошкентдаги ваколатхонаси, “Ўзбекистон–Япония ёшлар инновация маркази” ва Япония Рақамли университети фаолияти муваффақиятли ҳамкорлик намунаси сифатида эътироф этилди. Мазкур форум икки давлат алоқаларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлишига ишонч билдирилди.
Форум дастури доирасида икки мамлакат олий ўқув муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Самарқанд давлат университетида Цукуба университетининг ҳамкорлик ва алоқалар офиси тантанали равишда очилди.
Форум қатнашчиларига “Самарқандим” - "My Samarkand" журнали тақдим этилди.



























