Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва илмий-маърифий меросини чуқур ўрганишга бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Тадбир “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидчилик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида ташкил этилди.

    Анжуманни Самарқанд давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов очиб берди. У ўз нутқида Беҳбудий меросининг нафақат ўзбек халқи, балки бутун туркий дунё маънавий ҳаётидаги ўрни, унинг илғор ғоялари замонавий даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини алоҳида таъкидлади.

    Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, адабиётшунос ва тарихчи олимлар, ижодкорлар, профессор-ўқитувчилар, журналистлар ҳамда талабалар фаол иштирок этдилар. Конференцияда юртимиз ва хорижий мамлакатлардан таниқли мутахассислар сўзга чиқиб, ўз илмий қарашларини билдирдилар.

    Хусусан, Истанбул Култур университети профессори Ваҳид Турк, Қозоғистондаги Жуматбек Ташенов номли университет директори Жанна Ботабоева, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Баҳодир Карим, Археология миллий маркази бош илмий ходими Дилором Алимова, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй музейи мудири Гулмамат Ахмедов, доцент Дилафруз Жабборова ва бошқа олимлар Беҳбудий шахсияти, унинг миллий уйғониш давридаги фаолияти, сиёсий қарашлари ҳамда маънавий мероси ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

    Конференция жараёнида Туркиядан онлайн тарзда иштирок этган мутахассисларнинг маърузалари тингланди. Улар Беҳбудий ғоялари билан Туркия жадидчилик ҳаракати ўртасидаги ўхшашликлар, миллий уйғониш ғояларининг замонавий талқинлари ҳақида фикр билдирдилар.

    Тадбир доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ходимлари томонидан тайёрланган видеолавҳа намойиш этилиб, унда Беҳбудийнинг ҳаёти, ижоди, матбуот, театр ва таълим соҳасидаги фаолияти жонли тасвирлар орқали ёритилди.

    Конференция иштирокчилари “Туркий юртларда жадидчилик ҳаракати ва Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари”, “Беҳбудийнинг Туркистон театр санъати тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Туркистондаги сиёсий жараёнлар”, “Беҳбудий орзуси: ҳуррият ва тараққиёт”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий – замонавий ўзбек давлатчилиги асосчиси”, “Жадидларнинг Туркистонда ҳарбий ислоҳотлар ўтказишга қарашлари таҳлили” ҳамда “Самарқанд жадидларининг Туркистон маърифатпарварлигидаги ўрни” каби мавзуларда илмий маърузалар билан чиқиш қилдилар.

    Тадбир якунида илмий баҳс-мунозаралар ўтказилиб, Беҳбудий меросини чуқур ўрганиш, уни ёш авлод қалбига сингдириш, шунингдек, жадидчилик ҳаракатининг бугунги кун билан идеавий ҳамоҳанг жиҳатларини ёритиш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.