"ХИТОЙ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ" ЮРИДИК АЛЬЯНСИ: ҚОНУНШУНОСЛИК ҲАМКОРЛИГИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
Жаҳонда кечаётган глобал интеграция жараёнлари давлатлар ўртасида ҳуқуқий, иқтисодий ва таълимий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни тақозо этмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатлар ҳам сўнгги йилларда янги мазмун касб этмоқда. Шу йўналишда 2025 йил 21 октябрь куни Хитойнинг Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё юридик альянси”нинг очилиши минтақавий ҳуқуқий ҳамкорлик тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Тантанали очилиш маросимида Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи юридик университетлари, илмий марказлари ҳамда давлат органлари вакиллари иштирок этди.

Ушбу альянс Хитой сиёсий-ҳуқуқий университети (China University of Political Science and Law – CUPL) ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади – Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ўртасида ҳуқуқий таълим, илмий тадқиқот ва амалий фаолият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.
Альянс доирасида халқаро ҳуқуқ ва савдо ҳуқуқи соҳаларида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, юридик кадрлар тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш, талабалар ва профессорлар учун академик алмашинув дастурларини амалга ошириш, ҳуқуқий инновациялар ҳамда рақамли адлия соҳасида илмий форумлар ташкил этиш, Марказий Осиё давлатларининг миллий қонунчилигини ўрганиш ва таққослама таҳлиллар ўтказиш каби йўналишлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган. Ушбу фаолият минтақада ҳуқуқий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқшунос кадрларнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш ҳамда илмий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг юриспруденция соҳасидаги етакчи олий таълим муассасалари – Тошкент давлат юридик университети, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ва Тошкент Вестминстер халқаро университети мазкур альянснинг фаол иштирокчилари сифатида қатнашдилар. Ўзбекистон делегацияси томонидан қўшма илмий дастурларни амалга ошириш, қонунчиликни такомиллаштиришда халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш ҳамда юридик кадрлар тайёрлашга янгича ёндашувларни жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. “Хитой – Марказий Осиё юридик альянси” нафақат таълим соҳасида, балки геостратегик нуқтаи назардан ҳам катта аҳамият касб этади. Бу ташаббус “Бир макон – бир йўл” стратегиясининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, иқтисодий лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда минтақавий барқарорлик ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.
Шинжон-Уйғур автоном райони маркази – Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбир “Хитой – Марказий Осиё ҳуқуқий ҳамкорлиги”нинг янги босқичини бошлаб берди. Альянснинг фаолияти нафақат таълимий, балки амалий ҳуқуқий муносабатлар учун ҳам самарали платформа сифатида хизмат қилиши, шу орқали Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида ҳуқуқий интеграция жараёнларини жадаллаштириши кутилмоқда.
Раҳматулла Мирзаев
Самарқанд давлат университети
Юридик факультет декани

