“Олтой – Осиё” V халқаро таълим форуми доирасида Россияда Осиё университетлари Ассоциациясининг Конгресси ўтказилди. Анжуманда ассоциацияга кирувчи 8 давлатдан (Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Арманистон ) 72 та университетнинг ректор ва проректорлари, жами  112 делегат  иштирок этди.

    Ушбу форумда  Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов онлайн иштирок этди. Шунингдек, СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов маърузаси билан қатнашди.

    Учрашувда 2020-2022 йиллардаги ишларни сарҳисоб қилиш, ассоциациянинг янги аъзоларини қабул қилиш ва тасдиқлаш, Осиё университетлари ассоциацияси президенти ва вице-президентларини сайлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов Осиё университетлари Ассоциациясининг президенти этиб сайланди. Ассоциацияга президентлик лавозимининг муддати икки йил бўлиб, 2022-2024 йилларни ўз ичига  олади…

    Рустам Холмуродов анжуман қатнашчиларини иш режаси билан таништирди. Унда Осиё мамлакатларида ассоциацияни институционализация қилиш ва университетларнинг ишга жалб қилинишини кучайтириш, ассоциацияга янги иштирокчиларни киритиш ҳамда ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, қўшма ўқув дастурларини тақдим этиш, тадбирлар рўйхатини тасдиқлаш масалалари кўрсатилган.

    Осиё университетлари Ассоциациясининг президенти, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов IT технологиялар, агробиотехнологиялар соҳасини ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, минтақалардан келиб чиқиб, экологик муаммоларни бартараф этиш юзасидан Осиё университетлари Ассоциацияси таркибидаги университетлар ўртасида илмий гуруҳлар тузиш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий маълумотлар алмашиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш юзасидан таклифларни илгари сурди.

    Бу ғоялар нафақат таълим сифатини яхшилаш, балки замонавий технологиялар бўйича тажриба алмашиш, юқоридаги 72 университет ўзаро ҳамкорликни доимий йўлга қўйиш имкониятини беради.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.