Самарқанд давлат университетининг  648 нафар талаба, 33 масъул, жами 681  профессор ўқитувчи ва талабалари “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида Бухорода бўлиб турибди. Ушбу дастур тўрт  кунлик саёҳатни ўз ичига қамраб олиб, режа асосида Бухоро шаҳрининг тарихий ёдгорликлари, қадимий маскан ва қадамжойларини зиёрат қилишдан иборат.

    - Бухорога саёҳат дастури биз талабаларга янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаб бермоқда, - дейди СамДУ биология факультети талабаси  Шаҳло Турсунова. - Факультетимиз декан ва декан ўринбосарлари назорати остида Бухоро билан танишишни бошладик. Саёҳатимиз учун барча имкониятлар яратиб берилган. Шинам меҳмонхоналар, сифатли ошхоналар, қолаверса, транспорт воситалари ҳам бизга яхши хизмат кўрсатмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, 4 кунлик саёҳатимиз учун барча молиявий харажатлар Самарқанд давлат университети раҳбарияти томонидан тўлаб берилмоқда. Бунинг учун СамДУ ректори профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовга миннатдорлик билдираман.

    - Янги ўқув йилини яхши кайфиятда бошлаб олдик, - дейди Самарқанд давлат университети математика факультети талабаси Соҳиб Маҳмудов. - Бухорога илк бор ташриф буюришим, таассуротларим аъло даражада. Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори Саид Олимхоннинг ёзги қароргоҳи ҳисобланмиш Ситораи Мохи Хосса, Арк қўрғони, Лабиҳовуз ансамблига саёҳат уюштирдик. Эртага дастур асосида “Етти пир”ни зиёрат қилишни ният қилдик…

    - Мен тарихчиман, болалигимдан шу соҳага қизиқаман, - дейди талаба Сардор Икромов. - Бухоро ҳақида бир қатор маълумотга эгаман, лекин амалда кўрмаган эдим. Ушбу саёҳатимиз давомида тирик тарихга гувоҳ бўлиб турибман. Айниқса Бухоро Арк қўрғони ҳақида янги маълумотларга эга бўлдим. Бу саёҳатимиз биз тарихчилар учун жуда муҳим. Барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.