Самарқанд давлат университети тарих факултети 4-босқич талабаси Моҳинур Рўзиева “Ўзбекистон хотин-қизлари: ўтмиш ва бугун. Гендер тенглиги ва феминизм” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Унинг диплом иши бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланган гендер тенглиги тарихи, мамлакатлараро қарор топиш босқичлари ва гендер тенглик тамойилларини ўрганиш масалаларига қаратилган. Моҳинур ушбу мавзу бўйича 60 га яқин мақолалар муаллифи. Мақолалари АҚШ, Германия, Англия, Ҳиндистон, Польша, Россия, Қозоғистон, Эрон каби давлатларнинг нуфузли халқаро нашрларида чоп этилган. 2021 йилда МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган  “Энг яхши илмий мақола”, “Йилнинг энг яхши ёш олими” каби танловлар ғолиби бўлган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш бўйича академик лисейларнинг 1-босқич ўқувчилари учун “Машғулот ишланмалари тўплами”  муаллифи. Жорий йилда АҚШ нинг USAID ташкилоти томонидан гендер тенглиги йўналиши бўйича халқаро спикер мақомини қўлга киритган. “Меҳр ва саховат”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони соҳибаси.

    – Гендер тенглиги ва феминизм тушунчалари бир-бири билан чамбар-час боғлиқ, - дейди Моҳинур Рўзиева. - Гендер тенглиги шахсларнинг жинсидан қатъий назар тенг бўлиши кераклигини илгари сурса, феминизм аёллар ҳуқуқларига урғу беради. Шахслар ижтимоий мавқеи, жинси ва бошқа ижтимоий кўрсаткичларидан қатъий назар инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдалана олишганда гендер тенглиги юзага чиқади. Гендер тенглиги бузилиши билан боғлиқ муаммолар тарихимизда азалдан мавжуд бўлган. Тарихдан маълум Шарқда аёлларга ҳурмат масаласи Ғарбдан анча аввал шаклланган. Кўпчилик манбаларда гендер тенглиги асосан Ғарб давлатларида шаклланиб бошлагани ҳақида айтилади. Мен ишимда гендер тенглиги, умуман аёлларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш Ғарбдан аввал Шарқда пайдо бўлгани, Шарқ халқлари эътиқодида аёлга ҳурмат жуда юксак даражада белгилаб қўйилганини илмий далиллаш ва таҳлил қилишга ҳаракат қилдим.

    ХИХ аср охири - ХХ аср бошларига келиб, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тутган ўрни ва иштироки масалалари Туркистон маърифатпарварларининг диққат марказида бўлгани кўпчиликка аён. Аёлларнинг миллат фарзандлари тарбиячиси сифатида жамиятда тутган ўрни ўша даврлардаёқ эътиборга олинган. Ўтмишда ота-боболаримиз томонидан аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш, уларнинг билим салоҳиятини юксалтириш ва эркаклар билан жамият ҳаётида, ўзаро тенглик асосида, ижтимоийлашган ҳолда фаолият олиб боришларини таъминлаш ишларининг биринчи навбатда, маориф соҳасини ислоҳ қилишдан бошланганлиги хотин-қизлар маорифи масалалари мазкур даврнинг долзарб муаммоларидан бири саналиб келганининг далилидир.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган сурат.