“Оддий муаллим”

Самарқанд давлат университети профессори Кибриё Ҳасанова билан суҳбат
Зиёли аёлларнинг ҳаёти, эришган муваффақиятлари ҳамиша жамият эътиборида. Бугунги суҳбатдошимиз Самарқанд давлат университети педагогика кафедраси мудири, педагогика фанлари номзоди, профессор Кибриё Ҳасанова. Олима шу вақтга қадар мактабгача таълим муассасалари фаолияти, болалар психологияси, педагогика назарияси йўналишларида намунали фаолият юритиб келмоқда. “Педагогика”, “Педагогика тарихи ва назарияси”, “Педагогика назарияси асослари”, “Педагогика антологияси”, “Тарбия ишлари методикаси”, “Талаба ёшларни оилавий муносабатга тайёрлашнинг педагогик асослари”, “Педагог маҳорати”, “Умумий педагогика”, “Ижтимоий педагогика”, “Оила қуриш одоби”, “Талаба ёшларда шарқона оила одобини шакллантиришнинг педагогик психологик шарт-шароитлари”, “Шарқона оила одоби” каби дарслик ва китоблар муаллифи. “Олима аёллар” уюшмаси аъзоси. “Таълим фидойиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланган. 2018-йилда Жанубий Кореянинг Донгук университетида малака ошириб қайтган. Корея мактабгача таълим йўналиши ўқитувчилари билан ҳамкорликда талабалар учун ўқув режалари тузган.
– Илм соҳасини танлашингизга асосий сабаб нима бўлган?
- Илм-фан йўлини танлашимга сабабчи аввало оилам. Уйимизда отамнинг мингдан ортиқ китобларни жамлаган кутубхонаси бўларди. Шу кутубхонага кириб олиб китоб ўқиб ўтириш энг севган машғулотим эди. Вақт ўтиб улғайдик, ҳаётга бўлган қизиқишларимиз, олдимизга қўйган мақсадларимиз аста-секинлик билан ўзгариб борди. Аммо китобга, илмга бўлган меҳрим ўша-ўшалигича қолди. Бу меҳр мени Самарқанд давлат университетининг рус филологияси сари етаклади. Университетда ўқиш давомида номдор давлат стипендияси совриндори бўлдим, илмий тадқиқотимни давом эттирдим. Бакалаврни тугатиб, таҳсилни педагогика факултетида давом эттирдим. “Ўзбек, тожик, қирғиз адабиёти намуналарини ўрганиш жараёнида талабаларни мукаммал тарбиялаш” мавзусида номзодлик диссертатсиямни ҳимоя қилдим. Шу вақтгача педагогика йўналиши бўйича тайёрлаган 30 дан ортиқ ўқув ва услубий ишларим нафақат университетимиз талабалари, балки Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона давлат университетлари педагогика йўналишлари талабалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун ҳам асосий зарурий адабиёт сифатида хизмат қилмоқда.
– Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?
- Биринчи муҳим омил - бу мақсад. Одамда мақсад бўлса, яшашида маъно бўлади. Иккинчиси оила. Аёл учун оила у суяниши мумкин бўлган, уни қўллаб-қувватлайдиган маскан бўлади. Учинчиси, ақл. Аёл киши кўпроқ юрагига қулоқ солиб иш тутади. Кўп ҳолларда бундан панд ейди. Шунинг учун ҳиссиёт билан эмас, ақлига таяниб ишлаши керак. Шунда у ҳаётда қоқилмайди.
– Армонингиз борми?
- Армоним қизим йўқлиги...Аллоҳга шукр, икки нафар ўғлим бор. Келинларим қизимдай. Аммо қиз фарзанд барибир бошқача.
– Шу кунгача жамиятдаги ўрнингизни топа олдингизми?
- Бу нарсани инсоннинг ўзи эмас, жамият белгилайди. Жамиятнинг сизга бўлган муносабати, эъзоз-ардоғи унда ўрнингиз бор-йўқлигини кўрсатиб қўяди. Бугун жамоатчиликнинг менга бўлган муносабатини кўриб қайсидир маънода топа олдим дейишим мумкин.
– Охирги марта қачон йиғладингиз?
- Туғилган кунимда...
– Туғилган кунингизда сизни йиғлатишдими?
- Бу қувонч кўз ёшлари эди. Шветсияда ўқийдиган бир шогирдим бор. У менга билдирмасдан туғилган кунимга атаб махсус табрик ва совғалар юборган. Бу сюрпризни кўрганимда шодликдан кўзларимга ёш келди.
– Агар ҳаётингизни расм кўринишида тасаввур қилсак, унда қандай ранглар бўлади?
- Кўк ва кулранг.
– Ҳаётда ҳамиша нимага интилиб яшайсиз?
- Оддийликка... Оддийликда буюклик бор, дейишади. Мен ҳаёт ҳаловатини оддийликда топаман. Машҳурлика, буюк бўлишга ҳеч қачон ҳаракат қилмайман. Мансаб, мартаба, илмий даража ва унвон деган нарсалар иккиламчи тушунча. Ҳаётда энг муҳими – инсон бўлиш! Шу кунгача озми-кўпми нимагадир эришган, жамият наздида фан номзоди, профессор унвонларига сазовор бўлган бўлсам ҳам мен ўзимни оддий муаллим деб ҳисоблайман.
–Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
- Бугун жамиятимизда зиёли аёлларнинг юксак маънавиятли авлод тарбиялашдаги ўрни ниҳоятда катта. Шунинг учун илм йўлидан кетаман, зиёли бўламан деган ҳар бир қизни қўллаб-қувватлаш керак. Бу борада қизларимиздан ҳам мақсади йўлида қатъиятли, ўз соҳасида кучли билимга эга бўлиш талаб этилади. Орзу ва мақсад бўлган билан ҳаракат бўлмаса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу йўлдан кетмоқчи бўлган қизларимга аввало, сабр, омад ва куч тилайман. Мақсадингиз йўлида ҳаракатдан тўхтаманг.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.