Интенсив шароитда бедана боқиш сирлари

- Қандай қилиб беданани тез фурсатда тухум беришга тайёрлаш мумкин?
- Бедана тухуми умрни узайтиради, кўриш қобилиятини яхшилайди.
- Диетологлар товуқ тухумида холестерин мавжудлиги туфайли унинг ўрнига бедана тухумини тавсия қилиши ростми?
Самарқанд давлат университети биология факультети магистранти Наргиза Мамаризаева “Бедана ратсионини сут зардоби билан бойитишнинг тўйимли моддалар истеъмол қилинишига ва ҳазм жараёнларига таъсири” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари одам ва ҳайвонлар физиологияси ва биокимё кафедраси доценти Мирзо Кузиев. Шу кунгача илмий тадқиқоти юзасидан ёзган мақолалари АҚШ, Польша, Россия давлатларидаги нуфузли илмий нашрларда чоп этилган.
– Бугунги кунга қадар кўплаб мамлакатлар паррандачилик саноатида беданачилик тармоғи кундан-кунга ривожланиб бормоқда, - дейди тадқиқотчи Наргиза Мамаризаева. - Беданалар бошқа паррандаларга нисбатан кўп миқдорда тухум, сифатли ва мазали гўшт бериш хусусияти билан алоҳида ўринга эга. Германия, Югославия, Франция, Англия, Италия, Канада каби мамлакатларда бедана маҳсулотларига талаб жуда юқори. Ўзбекистонда ҳам бугунги кунда бедана етиштириш бўйича фермер хўжаликлари сони сезиларли даражада ошиб бораётган бўлса-да, маҳсулотга бўлган талабни тўлиқ қондириш кўрсаткичлари жуда паст. Шунинг учун интенсив усулда бедана боқиш бугунги кун паррандачилигининг муҳим аҳамиятга эга вазифаларидан биридир. Тадқиқотимнинг мақсади беданани тез фурсатда тухум беришга тайёрлаш учун бедана ратсионига фойдали маҳсулотлар, шу жумладан сут зардоби қўшишни ҳамда унинг бедана ривожланишига таъсир кўрсаткичларини ўрганишдан иборат. Аксарият сутни қайта ишлаш заводларида сут зардоби чиқинди сифатида ташлаб юборилади. Зардобни чиқиндига чиқармасдан, уни паррандачилик, шу жумладан, беданачиликда фойдаланишни йўлга қўйиш мумкин. Сут зардобини озуқавий қўшимча сифатида паррандачилкка тадбиқ этиш озуқанинг тўйимлилиги ва едиримлилигининг ошишига ҳамда бедана организмининг ҳазм фаолиятини яхшилашга ёрдам беради.
Беданадан озиқ-овқат саноатида юқори тўйимли, парҳезбоп гўшт ва тухум маҳсулотлари олинади. Бедана гўштининг ўзига хос хусусияти витаминлар, микро ва макроелементлар, тез парчаланувчи моддаларга бойлигидир. Бедана гўшти озиқ-овқат саноатида биринчи навбатда парҳезбоплиги учун қадрланади. Нормал шароитда бедана 35-45 кунлигидан тухум қўйишни бошлайди. Бир йил давомида бир дона урғочи бедана тахминан 2,5 кг тухум массасини беради, бу унинг тирик вазнидан 20 баравар кўп дегани. Бедана ратсионига сут зардоби қўшилганда бедана организмида ички органлар фаолияти яхшиланади, касалликка чидамлилиги ва иммунитет кўрсаткичлари ошади. Бедана тухуми барча озуқа моддаларга бой маҳсулотдир. Витамин ва минералларининг таркиби жиҳатидан улар товуқникидан қолишмайди. Бедана тухуми таркибида 2-3 баробар кўп аминокислоталар, темир моддаси, Б, П, К, А гуруҳлари витаминлари мавжуд. Қолаверса, антибактериал, антитумор, иммуномодулятсион хусусиятларга эга, ёғ алмашинувини яхшилайди, қон босимини нормаллаштириб, иммунитетни кучайтиради. Соч ва тишлар тўкилиши ҳамда эрта қаришнинг олдини олади. Умрни узайтиради, кўриш қобилиятини яхшилайди. Асаб тизими касалликлари, камқонлик, гипертония, бронхиал астма ва қандли диабетда ижобий самара беради. Диетологлар товуқ тухумида холестерин мавжудлиги туфайли унинг ўрнига бедана тухумини тавсия қиладилар. Бедана тухумида ҳам холестерин мавжуд, аммо унинг таркибида леситин моддасининг борлиги сабабли холестерин нейтраллашиб, зарарсиз ҳолатга киради. Товуқ тухумида эса леситин мавжуд эмас. Холестерин леситин билан нейтраллашганда юракка зарар етказмайди ҳамда қон томирларини мустаҳкамлайди.
Тадқиқот орқали Ўзбекистон шароитида илк марта бедана озиқ ратсионини сут зардоби билан бойитиш орқали тўйимли моддалар истеъмоли ва ҳазмланиш жараёни яхшиланишига эришиш мумкин. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти сут зардобининг озуқавий қўшимча сифатидаги аҳамияти билан боғлиқ бўлиб, эришилган ютуқлар юртимизда қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг озуқавий қўшимчалар ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга йўналтирилган тадқиқотларига катта ҳисса қўшади.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.