Водород боғланишлар ва уларнинг тузилишини ўрганиш оптика, молекульяр физика, кимё ва биологиядаги қатор муаммоларни ечишда қанчалик муҳим? Водород боғланиш ўзи нима?

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети оптика кафедраси докторанти Гулшан Нурмуродова “Газ ҳолатидаги водород боғланишли комплекслар IQ ютилиш полосасининг структураси” мавзусида Санкт-Петербург университети Молекульяр спектроскопияси кафедраси олимлари билан биргаликда илмий изланишлар олиб бормоқда.
Хўш, водород боғланиш ўзи нима? Водород боғ - бир ёки икки молекуладаги атомларнинг водород атоми орқали боғланиши. Водород бошқа элементлардан атомида ягона электрони борлиги билан фарқ қилади. У бу электронини электр-манфийроқ элементга бериб, ионли ёки қутбли бирикма ҳосил қилганида, унинг ядроси (N+) бутунлай ёки бир қадар электрсизланади. N+ ионининг радиуси жуда кичик бўлганлигидан, у ўз атрофида анчагина кучли электр майдонини вужудга келтиради. Агар бундай ядро олдига электрманфийроқ бир элемент яқин келса, унинг электронларини тортади ва натижада водород боғланиш ҳосил бўлади. Водород боғланишнинг, асосан, 2 хил тури мажуд:
1. Ички молекульяр (кўп атомли спиртлар, амино кислоталар, оқсиллар, углеводородлар ва ДНК)
2. Молекулалар аро ((Н2О), бир атомли спиртлар, кислоталар).
Фтор, кислород, олтингугурт, хлор, фосфор, азот кабилар водород боғланиш ҳосил қила оладиган элементлардир.
Водород боғланишлар ва уларнинг тузилишини ўрганиш оптика, молекульяр физика, шунингдек, кимё ва биологиядаги қатор муаммоларни ечишда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, уни ўрганиш тирик организмларда содир бўладиган биологик жараёнлар ҳақида хулосалар чиқариш имконини беради. Бу эса илмий тадқиқотнинг биология ва тиббиёт соҳаси учун ҳам аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
– Молекулалараро ўзаро таъсирнинг табиатда кенг тарқалган турларидан бири водород боғланишдир, - дейди тадқиқотчи Гулшан Нурмуродова, - Тадқиқот мавзум бўйича Санкт-Петербург давлат университети физик олимлари билан ҳамкорликда ана шундай боғланишларнинг тузилиши ва табиатини ўрганяпмиз. Бу каби дунё илм-фанида олиб борилган тадқиқотлар, унинг ечими топиш усуллари, ёндашувлари бўйича олимлар томонидан қўлга киритилаётган ютуқ ва янгиликларини кузатиб боряпмиз. Ўйлайманки, бу диссертатсиямнинг илмийлигини янада оширади.
Гулшан Нурмуродова тадқиқотлари юзасидан Россиянинг Санкт-Петербург давлат университети молекуляр спектроскопия кафедрасида 4 ой давомида илмий стажировкада бўлиб қайтган. Унинг илмий раҳбари физика-математика фанлар номзоди, доцент Ғуломхон Муродов.
Ҳозирги кунда Гулшан Нурмуродованинг халқаро илмий журналларда 15 дан ортиқ, республика нашриётларида чоп этилган 40 га яқин мақолалари билан кенг жамоатчилик эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.