Даннинг-Крюгер эффекти тўғрисида эшитганмисиз?

Савол:
Ёшлигимдан аълочи бўлганман. Хозир оддий давлат ишчисиман. Баъзи мактабни ва институтни зўрға тамомлаган дўстларим анча муваффақиятга эришиб кетган. Буни қандай изоҳласа бўлади? Ёки мен омадсизманми?
1999 йилда Даннинг-Крюгер феноменини Жастин Крюгер ва Девид Даннинг илгари суришди. Бу феноменга мувофиқ, паст квалификацияли шахсларга қуйидагилар характерли:
Ўз кўникма ва тажрибаларини юқори бахолаш.
Атрофидаги шахсларни олий даражадаги кўникма ва билимларини адекват тарзда бахолай олмаслик. Ўз билим ва тажриба юзасидан кўникмаси паст эканлигини англамаслик.
Малака оширгач ёки ўқигач, уларнинг компетентлиги ўзгармаган бўлса-да, ўзини аввалда тажрибасиз, билимсиз бўлганлигини англаш хусусияти.
Бундан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
Улар доим ўзларини хақ деб ўйлашади, бу эса уларга ўзига ишонч хиссини беради. Улар ўзларини профессионал деб биладилар. Чунки адекват тарзда ўзи ва бошқаларни солиштира олмайди.
Бу феномен ҳаётимизда учрайдиган психологик парадокс ҳисобланади. Ҳаётда тажриба, илм, интеллекти баланд бўлган шахслар ўзини компетентлиги, қобилияти жиҳатидан кўп иккиланишади, бу иш нима билан тугашини, оқибатларини ўйлаб, кўп ишни ҳатто бошлай олишмайди.
Паст квалификацияли, интеллекти саёз одамлар эса ўзини даҳо ҳисоблаб, ишонч билан олға интиладилар ва муваффақият қозонадилар.
Даннинг ва Крюгер бу гипотезалари юзасидан Корнелл университети психология курси тингловчиларидаги студентлар иштирокида эксперимент тадқиқот ўтказишади. Бу тадқиқот учун улар 2000 йилда психологиядан Шнобел мукофотини қўлга киритишади.
Бу феномен асосида қуйидаги фикрлар ётади:
«Биладиган гапирмайди, гапирадиган билмайди» (Лао-Цзы)
«Чин билим-ўз билимсизлигининг чегарасини билишдадир» (Конфуций)
«Мен ҳеч нарсани билмаслигимни биламан» (Суқрот)
«Ахмоқ ўзини ақлли ҳисоблайди, ақлли инсон эса ўзини ахмоқ деб ўйлайди» (Шекспир).
Мухтасам Сулаймонов
Самарқанд давлат университети
Психология ва ижтимоий муносабатлар факультети ўқитувчиси