Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзидан кейинги авлодга нима васият қилган эди?
“Эй Туркистон маорифи ишларида бўлғон ўртоғ ва ўғлонларим! Мен ўзим гарчи банди бўлсам-да, сизларни эсимдан чиқармайман ва сизларга васият қилиб ўтаман.
Сизларга васият қиламан: маориф йўлида ишлай турғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Биздек маориф” қурбонларини йўқлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Мумкин қадар кўпроқ янги мактаблар очиш, шунингдек маориф ва халқ саодатини таъминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади!”
(Васиятномадан)
Беҳбудий (форсча: 1. Яхшилик, соғломлик; 2. Фойда, нажот) жуда оз умр кўрди (атиги 44 йил). Шу қисқа умрнинг катта қисми тазйиқ ва таҳдидлар остида кечишига қарамасдан, хайрли ишларни амалга оширишга улгурди, келажак авлод тақдири тўғрисида қайғурди. У ношир, театршунос, адиб, муфти, сиёсий арбоб сифатида фаолият кўрсатди ва барча соҳада ўчмас из қолдирди.
Беҳбудийдан 200 дан зиёд илмий-публицистик мақолалар, 6 та дарслик, “Саёҳат хотиралари” китоби, “Васиятнома”, “Падаркуш” номли пьеса мерос бўлиб қолди.
Абдураҳмон Саъдий таъбири билан айтганда, “Ўзбек миллий адабиётининг негиз тошини” қўйганлардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида Туркистонда кенг қанот ёзган жадидчилик ҳаракатининг раҳномасидир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида (ҳижрий 1291, 10-зулҳижжа) Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси ўз даврининг ислом ҳуқуқшуноси, дин тарихи бўйича йирик олим бўлиб умрининг охиригача муфтилик қилган, кўплаб асарлар яратган. Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780-1785) Самарқандга келиб қолган.
1894 йилда отаси, Беҳбудхўжа вафот этганларидан сўнг муфтилик лавозимини ўғли Маҳмудхўжа эгаллайди. Шу сабабли унга “Муфти” унвони қўшиб айтилади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқнинг тарбия ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Одилдан ўрганади. 18 ёшидан қозихонада мирзалик қила бошлайди. Беҳбудийнинг мактаб-мадраса ҳаёти ҳақида ҳам маълумотлар ниҳоятда кам. У дастлаб Самарқанд мадрасасида, сўнгроқ Бухорода яхшигина таҳсил кўради.
Маҳмудхўжа 1900 йилдан бошлаб Арабистон, Туркия, Мисрга саёҳатга чиқади. Маккаи Мадинани зиёрат қилади. Руссиянинг Москва, Петербург, Қозон, Оренбург, Уфа, Нижний Новгород каби йирик шаҳарларда бўлади. Қаерга бормасин, у ердаги мактабларда болаларнинг ўқиши, ўқитиш усуллари билан яқиндан танишади, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини олиб келади.
Халқ маорифининг жонкуяри сифатида, халқни, миллатни ғафлат уйқусидан уйғотмоқни асосий мақсад қилиб қўяди. Саёҳатдан қайтгач, “Усули сафтия”, “Усули жадидия” деб номланган янги мактаблар очади. Миллат болаларини саводхонлигини ошириш мақсадида чет эллардан келтирилган дарслик ва қўлланмалардан ташқари ўзи ҳам дарсликлар ёзади ва ўз маблағи ҳисобидан нашр қилдиради. Беҳбудийнинг ташаббуси ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи (С.Сиддиқий), Ражабамин (А.Шакурий) қишлоқларида янги мактаблар очади ва шу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофияи Русий” (1905), “Китобат-ул атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китобларини яратади.
Унинг 1901-йилдан бошлаб «Туркистон вилояти газети», «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржумон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойна» каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари эса тараққийиарвар кишилар айниқса, ёшларнинг диққат эътиборини қозонган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк маърифатпарвар ва етакчи жадидчи сифатида миллий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.
Миллий драматургиямизнинг биринчи намунаси бўлган “Падаркуш” XX аср ўзбек адабиёти тонгида ёруғ юлдуз сифатида ёш ижодкорларга нурли йўл очади. “Падаркуш” дарамаси таъсирида Авлонийнинг “Адвокатлик осонми?”, “Пинак”, Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, Бадрийнинг “Жувонмарг”, “Аҳмоқ”, Ҳожи Муйиннинг “Кўкнори”, “Эски мактаб – янги мактаб”, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” сингари ўнга яқин пьесаларнинг яратилиши ўзбек адабиётининг бойишига хизмат қилади.
“Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватану банди қилғон тарбиясизлик ва жаҳолатдур; беватанлик дарбадарлик, асорат фақир ва зарурату хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси ва натижасидир”. Беҳбудийнинг башорати орқали инсон, фақат дунёга тараққий қилган халқ фақат илм воситаси билангина камолатга эришиши мумкинлигини англаймиз.
Беҳбудий сиймосини Садриддин Айний, Ҳожи Муин, Лазиз Азиззода, Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев, Ҳалим Саййид, Нормурод Авазов, Зебо Аҳророва каби олимларнинг мақола ва хотиралари орқали янада теранроқ кашф этамиз.
Дилафрўз Жабборова,
Самарқанд давлат университети доценти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори

