Самарқанд давлат университетида қозоқ элининг Наврўз анъаналари мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Марказий Осиёдаги халқларнинг қадриятлари, тили, маданияти, анъаналари ҳамда диний эътиқодидаги муштараклик дунёнинг бошқа ҳудудларида кам кузатиладиган тамаддуний ҳодиса бўлиб, ота-боболаримизнинг минг йиллар давомида қардош, дўст, қўшни ва қуда-анда бўлиб, ҳамжиҳат яшаб келгани ҳамда буюк давлатлар ва маданиятлар барпо этишининг асосида ҳам ана шу мисли кўрилмаган феномен ётади. Бундай уйғунлик ва узвийлик барчамиз учун умумий қадрият ва байрам бўлган Наврўз ҳамда ҳайит байрамларида айниқса яққол кўзга ташланади.
Зеро, Наврўз табиат уйғониши, инсон қалбида янги орзу-умидлар ва пок ниятлар бошланишидир. Бу байрам асрлар давомида Марказий Осиё халқлари ҳаётида алоҳида ўрин тутиб, нафақат фасллар алмашинувини, балки руҳий ва маънавий янгиланишни ҳам ифода этади. “Наврўз” сўзи “янги кун” маъносини англатади ва унинг тарихи 3 минг йилдан зиёд даврга бориб тақалади. Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистонда кенг нишонланиб келинаётган бу байрам инсониятнинг энг қадимий ва барҳаёт анъаналаридан биридир. Наврўз минтақамиз халқларининг ҳар бири томонидан ўзгача шукуҳ билан байрам қилинади.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида Қозоғистон Республикасининг Самарқанд Бош консуллиги ташаббуси билан “Қозоқ элининг Наврўз анъаналари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида қозоқ қардошларимизнинг бу қадимий байрамни нишонлаш анъаналари ҳақида сўз юритилди.
“Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, шоир ва адиб Фармон Тошев, СамДУ халқаро алоқалар проректори Акмал Аҳадов Марказий Осиёдаги беш қардош республикалар ўртасида йил сайин ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари, ўзбек ва қозоқ халқларининг азалий дўстлиги ҳақида гапирдилар.
Қозоғистон Республикасининг Самарқанд Бош консули Талғат Шарипов, СамДУ профессори Аноргул Салкинбай Президент Қосим Жўмарт Тоқаевнинг 2021 йилда қабул қилган қарорида “Наврўз байрамининг асосий мақсади Қозоғистонда тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, миллий ўзига хосликни сақлаш, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш ва атроф-муҳитга ғамхўрлик муносабатини шакллантиришдир”, деб кўрсатилгани ҳамда шу сабабли қозоқ элида Наврўзни 10 кун давомида халқнинг қадимий анъаналари ва одатларига биноан нишонлаш анъанаси йўлга қўйилгани ҳақида маълумот бердилар.
Шундан сўнг Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети магистратура босқичида таълим олаётган қозоқ ёшлари Айавлим Маҳал, Малик Адилбек, Диана Галимжан қизи, Мўлдир Бейсенбек, Айимтори Айдарова, Алмахан Аруай, Меруерт Тўклибаева ва Тўғин Сағинтай 10 кун давомида бирин-кетин нишонланадиган “Хайрия куни”, “Маданият ва миллий урф-одатлар куни”, “Миллий кийимлар куни”, “Миллий спорт куни”, “Ҳамжиҳатлик куни”, “Йилбоши байрами” каби тадбирлар ҳақида тақдимот қилдилар.
Давра суҳбати давомида сўз олганлар Марказий Осиё халқларининг муштарак тил, тарих, дин, маданият, қадрият ва анъаналарга асосланган дўстлиги ҳамда ҳамкорлиги ушбу ҳудудларда халқларимизнинг нурафшон келажагини барпо этишда умумий пойдевор эканини, шунингдек, кейинги йилларда бу борада катта ишлар амалга оширилганини таъкидладилар.
Давра суҳбати сўнгида тадбир иштирокчилари қозоқча услубда безатилган байрам дастурхонида қозоқ миллий таомлари ва ширинликларидан татиб кўрдилар.

