НАВРЎЗ – УЙҒОНИШ ВА ЯНГИЛАНИШ БАЙРАМИ
Бу йил ҳам Наврўз байрами Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўзгача завқ билан нишонланди. Тадбирда шарқ халқларининг миллий куй-қўшиқлари, бетакрор рақслари, урф-одат ва анъаналари ҳамда суратлар кўргазмаси намойиш этилди.
Наврўз тантаналарига Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ташриф буюрди.
- Бу йилги Наврўз, Рамазон ҳайити бирга келгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳам мана шу қутлуғ кунларга тўғри келди. Имом Бухорий мажмуасини очилиши халқимиз руҳиятини янада кўтарди. Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз байрамлар оғушида. Тинчлигимиз абадий бўлсин, - дейди Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Субхон Аббосов – СамДУ институт ва факультетлари Наврўзга алоҳида тайёргарлик кўришди. Асосий эътибор миллий қадриятларимизга қаратилди.
Наврўз сайли давомида кўргазмали спорт мусобақалари, турли танловлар ва халқона қизиқарли ўйинларнинг ташкил этилиши тадбирга янада ўзгача шукуҳ бағишлади.
Шунингдек, ёшларнинг бадиий чиқишлари ҳам Наврўз байрамининг ажралмас қисмига айланди. Университет талабалари саҳна кўринишлари ва мушоираларда фаол иштирок этиб, ўз маҳоратларини намоён этдилар.
Самарқанд давлат университетида ўтказилган Наврўз байрами барча иштирокчилар учун қувончли лаҳзалар ва унутилмас хотиралар туҳфа этди. Миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг ижтимоий ҳаётимизда нақадар муҳим ўрин тутиши байрам тантаналарида яна бир бор ўз ифодасини топди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, АҚШнинг Техас университети профессори Анвар Зоҳидов ҳам иштирок этди.
— Наврўз шарқ халқларининг миллий қадриятлари ва урф-одатларини ўзида мужассам этган, эзгулик, меҳр-оқибат, аҳиллик ва бирдамлик тимсолидир, — дейди профессор Анвар Зоҳидов. — Бу кунда одамлар бир-бирига эзгу тилакларини билдирадилар. Наврўз — табиат, инсон ва ҳаёт уйғониши, янги орзулар ва умидлар байрамидир. Бу йилги Наврўзни Самарқанд давлат университети жамоаси билан бирга нишонлаётганимдан мамнунман. Бу байрам ўзбек халқининг бирдамлиги ва дўстлигининг ёрқин рамзидир. Самарқандда Наврўзни нишонлашнинг ўзига хос, бетакрор шукуҳи бор. Барчага байрам муборак бўлсин!
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати

