Тамаки ва унинг касалликлари
Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети докторанти Илҳом Мамасолиев. Айни пайтда “Тамаки (Нисотиана табасум Л.) кўчатларини замбуруқли касалликлар ва улардан ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш” мавзусида тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари профессор Элмурод Умурзоқов.
Тамаки ўсимлигига сердаромад экин сифатида қаралади. Асосан тоғ, тоғолди, текислик майдонидаги ерларда етиштирилади. Бир гектар ердан 10-12 центнергача ҳосил олиш мумкин. Унинг поясидан уй-хўжалигида ўтин сифатида фойдаланилади. Шунингдек, тамаки ўсимлигидан фармацевтика соҳасида дори-дармон ва ҳидланадиган маҳсулотлар тайёрлашда ишлатилади.
Тамаки ўсимлиги итузумдошлар оиласига мансуб. У биологик хусусиятига кўра бир йиллик ўсимлик. Лекин тропик ҳудудларда ва иссиқхоналарда икки-уч йил ва ундан ортиқ вақт ўстирилиб, ҳар йили янги барг ва новда ҳосил қилиши мумкин. Илдиз тизими асосий ва ён илдизлардан ташкил топган. Кўчати ўтқазилгандан кейин жуда кўплаб кучли иккинчи ва учинчи тартиб ён илдизлар ҳосил қилади. Суғориладиган шароитда тупроқ намлигига қараб асосий илдиз 1,5-2 метр ва ундан чуқурроқ қатламда, унинг асосий қисми эса ернинг ҳайдалма қатламида жойлашади.
Тамаки оддий шароитда бир йиллик ўсимлик бўлиб, қишда унчалик совуқ бўлмайдиган шароитда, баҳорда янги новда чиқариб, яна уруғ ҳосил қилиши мумкин. Тамакининг вегетация даври шартли равишда икки босқичга бўлинади.
Биринчиси унинг кўчатхонада ўсиш ёки кўчат даври. Бу давр уни ўстириш шароитига қараб 45-60 кун давом этади. Иккинчиси далада ўсиш даври. Бу давр кўчат далага ўтқазилганидан, то кўсакчалар пишиб етилгунгача бўлган даврни ўз ичига олади ва экиладиган навнинг хусусиятига қараб 60-150 кунгача давом этади.
Тамаки уруғи униб чиқиш даврида намлик ва иссиқликка жуда талабчан бўлади. Уруғнинг униб чиқиши учун 25-280С энг қулай ҳарорат ҳисобланади. Ҳарорат 10-110С гача пасайса, уруғ унишдан тўхтайди.
Тамаки уруғи ўзига намликни тез шимиб олади. Уруғ таркибидаги намлик миқдори 65-70 % га етганда (бу давр бир сутка давом этади) унишга тайёрланиш даври бошланади. Бу давр 25-280С ҳароратда 1-1,5 кун давом этади. Агар шу даврда ҳарорат 17-180С гача пасайиб кетса, унишга тайёрланиш даври 5-7 кунга чўзилиши мумкин. Шунингдек, ҳарорат 28-300С дан ошса, уруғнинг униши секинлашади. 350С дан юқори ҳароратда эса унаётган уруғ униб чиқиш қобилиятини йўқотади. Кўчатхонада доимий равишда 25-280С ҳароратни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам тамаки уруғи дастлаб махсус хоналарда ёки термостатларда ундирилиб, сўнг кўчатхонага сепилиши тавсия қилинади.
Тадқиқотчи билан суҳбат қурар эканмиз, унинг илмий иши ва фаолияти билан қизиқдик.
- Диссертациямнинг асосий мақсади тамаки кўчатхонада учрайдиган замбуруғли касалликлар турларини ўрганиш, уларга қарши уйғунлашган кураш тизмини такомиллаштириш, - дейди Илҳом Мамасолиев. - Тамаки кўчатларида қуйидаги замбуруғли касалликлар мавжуд. Хусусан, қора илдиз, илдиз қуруқ, қора сон ёки кўчатларнинг чириши каби турлари учрайди. Касаллик келтириб чиқарувчи замбуруғлар тупроқда ҳамда ўсимлик уруғларида сақланади. Уруғлар тупроққа экилганда тупроқ намлиги ва ҳароратига қараб, ўсимлик илдизлари ривожлана бошлайди. Натижада кўчатларнинг бирламчи ва иккиламчи илдизларида қора рангдаги доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар илдизнинг нобуд бўлган тўқималари ҳисобланади. Касаллик сабабли кўчатларнинг тупроқда сув ва ундаги эриган минералларни ўзлаштириш хусусияти камайиб боради. Вақт ўтган сайин кўчатларнинг иммунитет тизими сусайиб, нобуд бўлишига сабаб бўлади. Илдиз чириш касалликларига қарши кураш чоралари уруғларни экишдан олдин дорилаш, кўчатхона тупроғини алмашиб экиш тавсия этилади. Бундан ташқари суғориш жараёнида 200С илиқ сув билан суғориш лозим. Шунингдек, кўчатлар униб чиқиб, уларнинг бўйи 5-8 см. бўлганда системали фунгеситлар билан ишлов бериш мумкин.


Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган сурат.

