«Стули креслога айланиши»ни истовчи ёхуд “Жаннат қидирганлар” ҳақида асар

Ёди ҳамиша олтин каби зангламас ёзувчи, буюк истеъдод эгаси Шуҳрат Алимов умри давомида ўзбек адабиётини ўзининг қатор достону балладалари, нодир романлари билан бойитди. Ёзувчининг кўплаб романларида ўзининг шахси, у яшаган давр муҳити гавдаланганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, ёзувчининг «Олтин зангламас» асарида бош қаҳрамон Содиқ тимсолида адибнинг ўзи тасвирланган, деган фикр уйғонади. Буни адабиётшунос Иброҳим Ғофуров ўз эсдаликларида шундай хотирлаганди:
«Эсимда: «Шинелли йиллар», «Олтин зангламас»ларни илк бора ўқиганда, бу икки ўзига хос бағри кенг асарнинг Элмурод ва Содиқ исмли бош қаҳрамонлари баайни Шуҳрат аканинг ўзи эканлигини кўриб, туйиб, ҳайратга тушганман».
Умри давомида ҳақиқатни ўзига ялов қилиб олган адибнинг «Жаннат қидирганлар» асарини «Олтин зангламас» романининг давоми дейиш мумкин. Айнан шу асари учун ҳам адиб кўплаб таъқибларга учрайди, ёзувчини миллатчиликда айблашади.
Асар ҳақида
Шуҳратнинг «Жаннат қидирганлар» романи 1968 йилда чоп этилган. Ёзувчи бу асарида чет элдаги миллатдошларимизнинг фожиали қисматини акс эттирган. Роман «Ўзбек адабиёти олтин фонди»га киритилган.
Сюжет
«Жаннат қидирганлар» романи «Тулки тумшуғидан илинди» сарлавҳали боб билан бошланади. Асарнинг бош қаҳрамонларидан бири Аъзам инженерлик институтида ўқиган, катта-катта мартабаларни, юқори ўринларни хоҳловчи – қаҳрамоннинг ўз тили билан айтганда, «стули креслога айланиши»ни истовчи образ. Сарлавҳада тилга олинган «тулки» ҳам айнан Аъзамга нисбатан ишлатилган. У дастлаб таги зотли, амал ва мансаб чўққисида турган оиланинг қизига уйланишни хоҳлайди. Аммо Аъзам ёқтирган қизлар уни ташлаб кетишади. Кейинчалик у ўзининг айби сабаб, мажбурликдан Нафиса исмли боғча мудирасига уйланади. Нафиса эса иймонли, келишган, яхши қиз эди. Аммо Аъзамнинг унга кўнгли бўлмай, Сурайё исмли қиз фарзандли бўлганида ҳам, бирор марта бўлсин, қизини қўлига олиб эркаламайди. Хотинига «бахтимнинг тўғаноғи» деб қарайди. Аъзамнинг ишлари юришмай чет эллик Жеймс исмли инженернинг ҳар куни ҳар хил кийинишига, яшашига ҳавас қилиб ўзи ҳам ўзга юртда яшашни истаб қочиб кетади. Бироқ чет элга бориб ҳам Аъзам рўшнолик кўрмайди, у «бурнидан ип ўтказилган ювош туя»га айланиб, хор-зор бўлади. Нафисани эса хоиннинг хотини деб ишидан бўшатишади, қаерга борса, ҳаммадан таъна эшитиб кўп қийинчилик кўради.
Роман воқеалари ривожида яна бир қаҳрамон Умматали жуда диёнатли, ҳақиқатгўй шахс бўлишига қарамай, отаси чет элга қочиб кетганлигида айбланиб қамоққа олинади, аммо Умматали билмайдики, у пайтлар гўдак бўлган, онаси ҳам ёшлик пайтида вафот этган. Кейин эса уни кимдир асраб олиб, қийинчлик йилларида болалар уйига берган. Умматали Қимматхон исмли қизга уйланади. У қамоқдан қайтганда эса хотини унга хиёнат қилиб кетган бўлади. Ўғли Масъуд эса кичкина бўлиб, Нафиса мудир бўлган боғчага борар эди. Кейинчалик Умматали ва Нафиса бирга турмуш қуришади.
Таҳлил
Асар мазмун-мундарижасида ватанпарварлик, юртга содиқлик каби эзгу туйғулар ётади. Ватанга хиёнат қилишдек энг оғир жиноят эканлиги асар воқеалари давомида очиб берилади. Шуҳрат бу романда икки образ мисолида Ватанга бўлган хиёнатнинг оқибатини очиб берган. Булардан биттаси – Азъам бўлса, иккинчиси – Саидакбар ҳожи. Аъзам ёт юртда хор-зор, қилган ишидан мингдан минг пушаймонлар бўлади. Бегона мамлакатда бирор кун бўлсин яхши яшамайди. Асарнинг яна бир бош қаҳрамонларидан бўлган Саидакбар ҳожи эса катта савдогар бўлиб, у ҳам бир кечада ғойиб, бўлиб чет элга қочиб кетади. Ўзга юртда эса фаровон, ўзига тўқ бўлиб кун кечиради, аммо бегона юртда ўзининг ягона таянчи – фарзандларининг қисмати фожиали якунланади. Кўриш мумкинки, биз юқорида таъкидлаган, адибнинг «миллатчи» деб сохта айбловларга учрашига, шу образлар билан боғлиқ воқеалар сабаб бўлади. Аслида эса Шуҳрат бу асари орқали Ватанпарварликнинг юксак намунасини кўрсатиб бера олган.
Хулоса
«Жаннат қидирганлар» романидан шуни хулоса қилиш мумкинки, Аъзам, Саиакбар каби инсонлар излаган жаннат, қадр-қиммат аслида, ўзимизда – ўз Ватанимизда. Уни четдан эмас, ўзимиздан излашимиз керак. Адолат, тўғриликка таяниб иш кўриш, жаннатни ҳар ким ўз Ватанида яратиш кераклиги асарнинг туб моҳиятини очишга хизмат қилади.
Иқтибослар
– Ҳамма қилган ишни қилиш ҳамманинг қўлидан келади, сен мард бўлсанг, ҳеч кимнинг эсига келмаганига қўл ур.
– Инсоф – ярим иймон.
– Ҳаёт – велосипед. Олдинга юргизиш учун унинг ғилдирагини айлантириб туриш керак.
– Кураш мардни яшартиради, қўрқоқни қаритади. Қарғанинг юз йиллик умридан бургутнинг ўн йили яхши.
– Киши кўнглини ноҳақ оғритиш Маккага тош отган билан баробар.
Чамангул Сайдаззамова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.