Исҳоқхон Тўра ибрат шоир ва олим, ношир ва педагог, дин арбоби ва ислоҳотчи сифатида умрини Ватан ва миллат манфаатига қаратди. Шоир ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини варақлар эканмиз, унинг ҳар бир саҳифасида ҳикмат ва ибрат мактабидан инган маърифатнинг гувоҳи бўламиз. Бу ўринда унинг «Луғати ситтати алсина», «Жомеъ ул-хутут», «Тарихи Фарғона», «Мезон уз-замон» каби илмий, педагогик ҳамда бадиий асарларидаги маълумотлар, Ибратни яқиндан билган замондошларининг хотиралари ва ўша давр вақтли матбуотида эълон қилинган Исҳоқхон Ибрат ҳақидаги мақолалар муҳим ўрин тутади. Маърифатпарвар шоир, маорифчи Иброҳим Давроннинг қуйидаги сўзлари бунинг далили: «Исҳоқхон тўра  дин, илм-фан ва адабиётда устози комиллиги билан бутун Фарғона ва Ўрта Осиёда инкор этиб бўлмас даражада бир мавқеи мумтоза тутмушдур. ....Исҳоқхон тўра олим ва фозил бир зоти олий бўлуб, бу турфа фазоили инсонияга молик... Баъзи ихтироти ҳам бордур». Дарҳақиқат, Исҳоқхон тўра Ибрат шоир, тарихнавис, тилшунос ва исломшунос сифатида ўзидан бой мерос қолдирган. Хатнинг ўн етти турида қалам юргизган моҳир хаттот, ўз номида «Матбааи Исҳоқия»ни ташкил этган биринчи ўзбек ноширларидан эди. Кейинчалик, “Исҳоқия кутубхонаси”нинг ташкил этилиши,  буларнинг натижасида ўнлаб китоб дўконларининг очилиши Ибратнинг ўз даврининг етук маърифатпарварларидан эканлигини асослайди.

    Ибрат теран тафаккур соҳиби сифатида жуда кўп хорижий мамлакатларда бўлади. Ҳаёти ҳақидаги маълумотларга назар солар эканмиз. Исҳоқхон Ибрат онаси орзу қилган Ҳаж сафарига мушарраф бўлар ва  муборак зиёратда вафот этган волидасини Жидда шаҳрида дафн этиб, Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатини давом эттирди. Шу билан бирга, у Истанбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Афғонистоннинг Кобул, Арабистоннинг Жидда каби катта шаҳарларида истиқомат қилди. Макка шаҳридан Қизил денгиз ва Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга келди. 1892—1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарларидан Бомбей ва Калькуттада яшади. Бу ерда кўп ишлатиладиган арбаъ лисонни, яъни тўрт тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди. Чет элларда у Шарқ ва Ғарб халқлари ҳаёти, маданияти ва санъатини муқояса этиш имконига эга бўлди. Европанинг илғор илм-фанини яқиндан ўрганди, илмий асарлари учун қимматли материаллар тўплади. У Шарқ халқлари тиллари билан бир қаторда Ғарб халқдари тилларини ҳам билиш зарур деб ҳисоблади ва француз тилини, инглиз тилини, шу билан бирга, энг қадимий финикия, сурия, юнон каби ёзувларини ўрганди.

    Ибрат маърифатпарвар ҳамда мутафаккир шахс сифатида дунёда мавжуд барча илмларни, маънавий-маърифий кашфиётларни нуктадонлик билан қабул қилган. Янги мактабларнинг жамият тараққиётига кириб келиши ўзбек ўқувчиларига қийинчилик туғдирди. Буни инобатга олган полиглот олим   олти тилли арабча, форсча, ҳиндча, туркча, сартча (ўзбекча) ва русча сўзларни ўз ичига олган «Луғати ситтати алсина» яъни олти тилли луғатни яратади. Кўриниб турибдики, Миллий уйғониш даври жадидия таълими ўша даврданоқ хорижий тилларни билмоқликка тараққиёт омили сифатида алоҳида эътибор қаратган. Жадидчилар мактабида айнан ушбу китоб асосий дарсликлардан бири сифатида фойдаланилган.

    Ибрат асарлари орқали ўзининг холис ва асосли нуқтаи назарлари, сиёсатдонлиги ва донишмандлиги билан ўша давр ижтимоий-маданий тараққиётига ўз таъсирини ўтказа олди. “Тарихи Фарғона” асарида ҳаққоний давр тарихини ёзди, ҳамда тарих сабоқларига ўз муносабати ва хулосасини тарихий, исломий манбалар билан асослаб берди. Бунинг баробарида тараққиёт ва синовлар олдида турган жамият учун улуғ мутафаккир «Мезон уз-замон» асарини яратди. Унинг серқирра илмий-ижодий ва ташкилотчилик фаолияти ўз давридаёқ кенг миқёсда эътироф этилган.

    Ушбу асар кишилик жамиятини илф-фанга, тараққиётга ундайдиган, аслида яшамоқлик дунёга, нафсга мубталолик эмас балки, инсон зотига мулк қилиб берилган илму маърифатни кашф қилмоқ, дастурул амал билмоқлик, замон ва макон тушунчасида барча мезонлар инсон бахти ва қадри учун хизмат қилишлилиги хусусида фикр юритилади. Асарда замон ва жамият хусусидаги мушоҳадалар  9 та мезонда асосланган.

    Биринчи мезон илм, аҳли умматга инкор эшикларини эмас, саодат эшикларини очишлиги хусусидадир. Зеро, жадид маърифатпарварларнинг асосий ғояларидан бири фақат оғир меҳнат орқали эмас балки илм орқали бахтли ҳаёт сари интилмоқдир. Оллоҳ томонидан инсон қадр-қиммати учун яратилган имкониятлари эшигини кашф қилмоққа урғу берилади. Бугунги кунда ҳам бу мезонга амал қилиш орқали илм-фан ислоҳотида шакл эмас моҳият ва натижа муҳимлигининг эътирофи айнан шу масалага қаратилгандир.

    Иккинчи ва учинчи мезонда ҳалоллик, ростгўйлик, аҳиллик, инсонпарварлик, илму маърифатнинг манбаси бўлган Қуръон ва ҳадисга амал қилмоқлик каби масалалар тилга олинган. Бу ўринда таъкидлаш жоизки, Ибрат ўз даврида бугунги кунда тараққиётимиз стратегияларидан бири бўлган ижтимоий сиёсатнинг нечоғлик аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтган.

    Тўртинчи мезонда илм, бадавият ва тафаккур ҳақида, авлод тарбияси ва усули савтия мактабларининг миллат ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида фикр юритилган. Бу ўринда аслида инсонлар табақалашуви эмас балки билим ва тажриба асосида бахтли истиқбол учун тадорикли бўлиши лозим эканини таъкидлайди.

    Бешинчи мезонда эса «Асримиз илму ҳунар, ҳаракат асридур, — деб ёзади адиб, — турмоқ асри эмас. Ғофил турса, ғафлат уйқусидин тургунча, бозори олам ўтуб кетадур. Ўрганмоқ даркор. Эътибор қилинглар, эй оқиллар!» - дея  башариятни огоҳлик ва ҳушёрликка чорлайди.

    Олтинчи мезон бидъат ва ортиқча сарф-харажатларга ружу қўйиш, фикрсизлик иллатларининг муолажаси хусусида.  Демак, бу иллатларнинг ўзаги аслида ўқиб туриб уқмасликка тақалади, бутун бир халққа суратан ҳашамдорлик  аслан эса иллату қарз балосидан ортиқ нафъ келтирмаслиги таъкидланади.

    Еттинчи ва саккизинчи мезонлар либос борасидаги мунозаралар хусусида, ўша даврдаги одамга эмас, либосга ихлос қўйишнинг, дунёпарастликнинг ёмон оқибатлари ҳақидадир. Бир ўринда халқимиз феълига хос бўлган жиҳат хусусида :“Туркистон саховати, муруввати кўб фирқани гадо қиладур. Либосга ишонадурлар. Агарда либосда динга хабар бўлса эди, ал ийману иқрорун бил-лисон ва тасдиқун бил-қалб яъни ислом манбаларида келтирилганидек иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир демай, ал-ийману қалансувату-л-араби ва жуббатуҳу-т-тижория яъни иймон арабча кийиму кўринишда дер эдилар”-дея, аслида мукаммал иймон тилда ҳам, қалбда ҳам Оллоҳ розилиги учун савоб ишларга қўл урмоқ ва суннатга амал қилмоқликда эканини куюнчаклик билан уқтиради. Бу мавзу бугунги кунда ҳам ўз глобаллигини йўқотгани йўқ. Зеро, мутафаккир таъкидлаганидек, миллатнинг маънавий юксаклиги китоб ва илм саодати нуктадонлиги билан ушбу муаммоларга барҳам бериши мумкин. 

    Тўққизинчи мезонда эса ўтмиш ва замон воқеалари муқояса қилинади. Муҳим хулосалар чиқарилади. Ибрат ўз даврининг донишманди сифатида миллат ва ёшлар тарбияси хусусида кўп ўйланади. Ёшларни вақтларини уволу гуноҳлар билан таҳдитомуз фикрлар билан зоеъ кетказмасдан, минг йиллик илму ижоддан маърифатланишга чақиради. Ибрат илк бор “«Матбааи Исҳоқия» матбаасида нур таратаётган қуёш тасвири ичида илм сўзини ўйиб ёзган, гўё илм нур таратаётган қуёшга ўхшатилган.  Бу рамзий тасвир матбаасида нашр этилган барча китобларга туширилган, ҳамда бугунга қадар ҳам бу рамзий тимсол маърифат булоғи бўлган кўпгина китобларда сақланиб турибди. 

    Ибрат шеърларида доимо башариятни илм-фан мулкига эга чиқмоқликка ундайди яъни:

    Ҳар замон аҳлиға бир фан русуми ўлғай ривож,

    Ул замон аҳлиға кирдор этмаса доно эмас.

    Қайдин ўлғайман замон одаму асру атиқ,

    Ибрат ол, илм асридур, кимсаи воло эмас.

    Хуллас, Ибрат асарларида илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ҳам актуал ечими топили лозим бўлган масалалардир. Президентимиз шаҳидлар майдонидаги нутқларида “Бу маърифат фидойилари бугунги замонимизда яшаганларида эди қанчадан-қанча буюк ишларни амалга оширган бўлардилар”, дея таъкидлагандилар. Биз бугунги кунда миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қадам қўяр эканмиз, ана шу миллат фидойиларининг касбини камол топтирган дарғалар маснавийхонлик, ҳофизхонлик, навоийхонлик каби умуминсоний қадриятларимизни миллатимиз онгу шуурида узоқ тарихга эга тафаккур сингари янгидан тиклашимиз лозим. Зеро, жамиятимиз тараққиёт, Янги бир тамаддун Учинчи Ренессансга қадам қўйиши арафасида халқимиз илмдан узоқлашмай, жадид маърифатпарварларимизда ҳам таъкидланганидек кўр-кўрона фисқу-фасод ва иллатларга берилмай, ҳаётнинг, дунёнинг  шаклигагина эмас балки мазмун-моҳияти, истиқболига диққатли бўлишлари, ниҳоят уларни бу саодатга эриштирувчи ягона ҳидоят илму-маърифат эканини англашлари дастурул амалдир.

Назмия Муҳиддинова

Самарқанд давлат университети

филология факультети доценти