Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди. Учрашув аввалида С. Паул Капур ва делегация аъзолари Муҳандислик физикаси институтининг илмий салоҳияти, инфратузилмаси ва халқаро алоқаларни ривожлантириш имкониятлари билан танишди. Квант марказига ташриф делегация аъзоларида яхши таассурот қолдирди. Мулоқот давомида институтнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, замонавий илмий ёндашув ва технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш, илмий ишланмаларни амалиёт билан боғлаш, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларни илмий фаолиятга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Делегация аъзолари университетнинг Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар институтида олимлари билан учрашди. Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим жараёнига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш каби долзарб масалалар диққат марказида турди. Шунингдек, сунъий интеллект соҳасида инновацион ишланмалар яратиш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш ва замонавий технологиялар асосида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.