Самарқанд давлат университетида таниқли тилшунос олим, ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Ибодулла Мирзаев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Тилшунослик, таржимашунослик ва лингводидактиканинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Конференцияни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. Ректор ўз нутқида профессор Ибодулла Мирзаевнинг ўзбек тилшунослиги, таржимашунослик ва таълим ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиб, устоз олимни қутлуғ 80 ёшлик юбилейи билан самимий табриклади ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати томонидан профессор Ибодулла Мирзаевнинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятига бағишлаб тайёрланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг юбилей муносабати билан йўллаган табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев ўқиб эшиттирди.

Анжуманда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг таниқли олимлари, илм-фан ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этиб, профессор Ибодулла Мирзаевнинг кўп йиллик илмий-педагогик фаолияти, яратган илмий мактаби ва шогирдлар тарбиясидаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, профессор Мақсуд Асадов, Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов, Эроннинг Имом Ризо номидаги халқаро университети ректори Иброҳим Донишифар, Қозоғистон давлат университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шаҳло Наралиева, Россия халқлар дўстлиги университети профессори Маргарита Милсева, Тожикистон давлат чет тиллар университети профессори Олимжон Қосимов, академик Нурислом Тўхлиев, профессорлар Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулло Дадабоев, Нурбой Жабборов, Ҳулкар Ҳамроева, Поён Бакиров, Бахтиёр Менглиев, Ҳасан Бўриев, Гулчеҳра Рихсиева, Мухторхон Умархўжаев ва бошқа кўплаб олимлар самимий муборакбод этдилар.

Халқаро анжуманнинг бадиий қисми ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир якунида машҳур Юнус Ражабий сулоласининг давомчиси, “Ниҳол” давлат мукофоти лауреати Азиз Ражабий профессор Ибодулла Мирзаевни самимий табриклаб, буюк мутафаккир Алишер Навоий ғазалини ижро этди.