Ўзбекистон–Озарбайжон II ректорлар форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Форум доирасида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Озарбайжоннинг учта нуфузли олий таълим муассасаси — Қорабоғ университети, Озарбайжон техника университети ҳамда Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Мазкур келишувлар икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-академик алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган.

Ҳамкорлик доирасида қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш, академик мобиллик дастурларини амалга ошириш, магистрант ва докторантларнинг диссертация ишларига ҳамраҳбарлик қилиш, шунингдек, нуфузли халқаро илмий журналларда ҳамкорликда мақолалар чоп этиш юзасидан келишувларга эришилди.

Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети билан олиб борилган музокараларда иқтисодиёт йўналишида академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этиш ҳамда магистрант ва докторантларнинг илмий тадқиқотларига ҳамкорликда раҳбарлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, диссертация ҳимояси жараёнларига икки университет профессор-ўқитувчиларини жалб этиш бўйича келишувларга эришилди.

Қорабоғ университети вакиллари билан ўтказилган учрашувларда академик мобиллик дастурлари, жумладан, “Орҳун” алмашинув дастури асосида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Ўқув йили давомида келишилган мавзуларда семинар-тренинглар ташкил этиш, қўшма ўқув адабиётлари ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, магистрлик диссертациялари ҳамда битирув малакавий ишларига ҳамкор университет профессорларини жалб этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Бўндан ташқари, илмий лабораторияларда қўшма тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

Озарбайжон техника университети билан ҳамкорликда эса қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва муҳандислик йўналишларида илмий-амалий алоқаларни ривожлантириш, замонавий технологиялар ва инновацион ишланмалар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.