Самарқанд давлат университетига дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири — Массачусетс технология институти (MIT) профессори, япон, хитой ва корейс адабиёти ҳамда фалсафаси бўйича таниқли олим, профессор Виебке Денеке ташриф буюрди.

    Профессор Виебке Денеке MITнинг глобал Humanities дастури директори сифатида гуманитар фанларни замонавий технологиялар ва жамиятдаги ўзгаришлар нуқтаи назаридан қайта талқин этиш ҳамда ривожлантиришга қаратилган халқаро ташаббусларга раҳбарлик қилиб келмоқда. QS World University Rankings рейтингига кўра, MIT дунёда биринчи ўринни эгаллаган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

    Профессор Виебке Денекени Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.

    Мулоқот давомида икки университет ўртасида илмий ва академик ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Самарқанд давлат университетининг тарих, маданий мерос, Буюк Ипак йўли тадқиқотлари, археология ҳамда тарих соҳаларидаги бой илмий салоҳиятини MITнинг глобал гуманитар тадқиқотлар борасидаги илғор тажрибаси билан уйғунлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Томонлар қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинув дастурлари ва глобал гуманитар фанлар соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидладилар.