АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Тсингҳуа университети Ижтимоий фанлар мактаби Партия қўмитасининг аспирантлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Чжэнг Синли бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ва талабалардан иборат делегация ташриф буюрди.
Хитойлик меҳмонларни Самарқанд давлат университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Акмал Аҳадов қабул қилди. Масъул мутасаддилар иштирокида ўтган учрашувда Акмал Аҳадов университет олимларининг ижтимоий фанлар йўналишидаги илмий фаолияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳамда эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.
Делегация раҳбари Чжэнг Синли ташрифдан кўзланган мақсад, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари ва амалга оширилиши режалаштирилаётган қўшма лойиҳалар юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Музокаралар давомида Буюк Ипак йўли тарихи, туризм ва маданий мерос йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф якунида меҳмонлар университетнинг музейлари, илмий лабораториялари ҳамда замонавий ўқув инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар.









