ПОКИСТОН ТАЪЛИМ ВАҚФ ЖАМҒАРМАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИГА ТАШРИФ БУЮРДИ
Самарқанд давлат университетига Покистон Таълим вақф жамғармаси (Pakistan Education Endowment Fund) делегацияси ташриф буюрди.
Делегация таркибидан Покистон Таълим вақф жамғармаси ижрочи директори Седа Ҳажра Суҳаил, технологиялар бўйича ижрочи директор Мазҳар Амир, жамғарма котиби Мурад Шуаиб Хон ҳамда Покистон Ислом Республикаси Федерал таълим ва касбий тайёргарлик вазирлиги ҳузуридаги IBCC директори Суҳаил Аҳмед ўрин олди.
Ташриф доирасида университет раҳбарияти ва масъул мутасаддилар иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий таълим, илмий-тадқиқот ҳамда академик ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Самарқанд давлат университетида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифати ва илмий салоҳиятни юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида университет проректори Акмал Ахатов маълумот берди.
Музокаралар давомида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамда Покистоннинг нуфузли олий таълим муассасалари ўртасида истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда таълим лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув якунида томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, академик алоқаларни кенгайтириш ҳамда истиқболда қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Покистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро академик алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

