Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Шинжон тиббиёт университети ректори, академик Ҳожи Акбер Аиса бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Самарқанд давлат университетининг Сунъий интеллект маркази фаолияти билан, Биокимё институтининг саратон касаллигига қарши дори воситалари синтези лабораториясида олиб борилаётган замонавий илмий-тадқиқот ишлари билан танишдилар.

Университетлар раҳбарлари сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда инновацион дори воситаларини яратиш, рақамли таҳлил ва моделлаштириш асосида янги фармацевтик йўналишларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Томонлар, шунингдек, қўшма илмий лойиҳалар, докторантлар ва ёш олимлар алмашинуви, лабораториялараро ҳамкорлик ҳамда халқаро грантлар доирасидаги истиқболли режалар юзасидан фикр алмашдилар.