Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти ҳамда Туркологик предметларни ўқитиш мажмуи тантанали равишда очилди. Мазкур мажмуа Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги TIKAнинг молиявий ва техник кўмаги асосида ташкил этилди.

Нуфузли анжуманда TIKA раҳбарининг ўринбосари Умит Нажи Йорулмаз, Туркия Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Сердар Дениз, Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов, СамДУ Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори, профессор Жўлибой Элтазаров ҳамда университет ва шаҳар илмий жамоатчилиги  вакиллари иштирок этди.

Профессор Жўлибой Элтазаров ўз нутқида Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қардош ва дўст  Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб бергани ҳамда ана шу вазифадан келиб чиқиб, минтақадаги қардош халқларнинг тили, адабиёти, тарихи ва маданиятини ўрганиш ва ёшларимизга ўргатиш мақсадида университет Кузатув Кенгаши қарорига кўра ташкил этилганини қайд этиб ўтди.

Тадбирда сўз олган TIKA раҳбарининг ўринбосари Умит Нажи Йорулмаз Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ришталари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Янги ўқув мажмуаси нафақат талабаларга, балки кенг илмий жамоатчиликка ҳам янги имкониятлар яратишини алоҳида қайд этди. Самарқанднинг тарихий ва илмий марказ сифатидаги ўрнини алоҳида эътироф этиб, туркология соҳаси бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар келажак авлодларнинг маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этишини билдирди. Унга кўра, ушбу ташаббус келажакда икки халқ ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқади. Мартабали меҳмон нутқининг сўнгида 1890 йилларда туркиялик фотомухбир томонидан суратга олинган “Туркистон” альбомини СамДУга совға қилди.

Профессор Жўлибой Элтазаровнинг сўзларига кўра, янги мажмуа туркий халқлар тиллари, адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганишда мустаҳкам илмий-педагогик база вазифасини ўтайди.

Марказий Осиё халқларини бирлаштириб турувчи умумий тарихий илдизлар ва маданий қадриятларни ўрганишда бу каби ташаббусларнинг муҳимлиги тадбир иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Маълумот учун, Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган 6-институт ҳисобланади.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.