Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилганини барчамиз яхши биламиз. 1948-йил 10-декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да ҳам ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай меҳнат шароитлари ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларини тузиш ва уларга қўшилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

    Бу ҳуқуқ дунёдаги деярли барча демократик давлатлар Конституцияси ва қонунларида қайд этилган. Уни амалга оширишга тегишли давлат органлари билан бирга касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этади. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг тарихи 1905-йилдан бошланади. Лекин 1991-йилгача, яъни Ўзбекистон мустақилликка эришгунча Бутуниттифоқ касаба уюшмалари марказий кенгаши таркибида бўлган. Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 13 та тармоқ касаба уюшмаси ҳамда 14 та ҳудудий кенгашлари фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда Федерация фаолияти такомиллашиши баробарида жамият ҳаётида касаба уюшмалари ташкилотларининг ўрни ва роли ҳам ошди. Юртимизда 11-ноябр – Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари куни деб белгиланди. Давлатимиз  раҳбари  2022-йил 11-ноябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўллаган табригида ҳозирги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, бу ташкилотнинг халқ ичига чуқур кириб бораётганлиги, инсонлар оғирини енгил қилиш, эл-юрт олдидаги вазифаларини аниқ белгилаб олганида эканлигини алоҳида таъкидлади. Самарқанд давлат университетининг 2 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчи ва ходимлари ҳамда 16 миндан ортиқ талабаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда бошланғич касаба уюшма қўмитамизнинг ўз муносиб ўрни бор. Қўмита Ўзбекистон касаба уюшмалари федератсияси кенгаши томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳамда университет маъмурияти билан тузилган жамоа шартномаси ва келишувлар асосида фаолият юритмоқда. Бунда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари асосида касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, меҳнатни ташкил қилиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, стипендия ҳамда нафақалар таъминотига қаратилмоқда. Бу борадаги кичик камчилик ҳам университет маъмурияти билан биргаликда қисқа фурсатда ҳал этилиб,  ходимлар ва талабалар манфаати устувор  аҳамият  касб этмоқда. Ходимларнинг бўш вақтларини  мазмунли ташкил қилиш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тўгарак ва секциялар фаолияти йўлга қўйилган, ходимлар ва талабалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш мунтазамлик касб этган. Бунинг учун университет спорт клуби зарур спорт жиҳозлари ва воситалари билан таъминланган. Жумладан, университет профессор-ўқитувчилари ва ходимлари беш спорт тури бўйича “Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш” дастури асосида спорт мусобақаларида қатнашиб келмоқда. Ана шу эътибор натижасида жамоаларимиз Самарқанддаги корхона ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари жамоалари ўртасида ўтказиладиган мусобақалар, вилоятдаги спорт тадбирларида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Ва албатта, улар касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилади. Университетда фаолият кўрсатаётган ходимлар ёки талабалар орасида ногиронлиги бўлган, кўп фарзандли, кам таъминланган ва иқтисодий кўмакка муҳтожлари ҳам бор, албатта. Қўмитамиз томонидан уларга биринчи навбатда ижтимоий моддий кўмак кўрсатилиб, турмуш шароитини яхшилаш, саломатлигини тиклашга ёрдам берамиз. Шунингдек, университет Нуронийлар кенгаши билан ҳамкорликда нафақадаги ходимлар ҳолидан доимий равишда хабар олинади. Меҳнат қилган ходим яхши ҳордиқ чиқариши ҳам керак. Шунинг учун ходимлар ва талабалар учун маънавий-маърифий тадбирлар, юртимиз бўйлаб саёҳатлар уюштириш ва касаба уюсҳмалари тизимидаги санаторийларга йўлланма бериш фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Университет профессор-оъқитувчилари ва ходимлар, уларнинг оила аъзолари учун йил давомида республикамиздаги  “Зомин”,  “Турон”,  “Чинобод”, “Бўстон”,  “Ботаника”,  “Чимён”,  “Оқтош”,  “Чортоқ”,  “Абу Али Ибн Сино” ва бошқа сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилади. Айни пайтда пенсияда бўлган фахрийларимиз ҳам бу эътибордан четда эмас. Уларга университет ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан бепул йўлланмалар ҳам берилмоқда.   Ёзги таътил пайтида эса университетда ишловчи профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг фарзандларига бошланғич касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан болалар соғломласҳтириш оромгоҳларига йўлланмалар ажратилади. Бугун юртимиздаги олий таълим муассасалари орасида бой тарих ва юқори илмий салоҳиятга эга Самарқанд давлат университетидаги бир қатор тузилма ва кенгашлар орасида бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Профессор-ўқитувчилар ва ходимлар, талабалар эса касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни қанчалик муҳимлигини ўз ҳаётлари, фаолиятлари мисолида кўриб, ҳис қилиб турибдилар.

 

Шавкат МАҲМАТМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети

бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси.