Истиқлол имкониятлари

Бугун Самарқанд давлат университетининг интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Cенати аъзоси Рустам Холмуродов табрик нутқида Республикамизда олий таълимга берилаётган эътибор, хусусан, СамДУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари эришаётган илмий-амалий ютуқлар, университетнинг илмий салоҳияти, халқаро алоқалари ва нуфузи, режалаштирилаётган илмий тадқиқотларга алоҳида тўхталди.
Самарқанд давлат университети ташкил этилиб фаолият кўрсатаётган даврнинг олдинги йиллари ва кейинги тўққиз йилида рўй берган ўзгаришларни қиёслаб, ижобий ўзгаришларни, ислоҳотлар самарасини алоҳида таъкидлади.
Самарқанд давлат университети магистранти, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Маҳбуба Салимова далатимиз раҳбари ва ҳукумат ғамхўрлигига жавобан талабалар бугунги кунда билимларни чуқур ўзлаштиришга ва мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаётганлари тўғрисида фикр билдирди. Шундан сўнг сўзга чиққанлар – Самарқанд давлат университети профессори Исроил Жуманов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев ва бошқалар йиғилганларга ўз эзгу тилакларини билдирдилар.
Тадбир пировардида кириш имтиҳонларида юқори натижаларга эришган абитуриентларга тантанали равишда талабалик гувоҳномалари топширилди.
Ушбу тантанали маросимдан сўнг бу ерга йиғилганлар талабалар, уларнинг ота-оналари вакиллари ва бошқа меҳмонлар интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги биносини кўздан кечирдилар. Улуғбек расадхонаси услубида қурилган бино ва талабаларнинг таълим олиши учун яратилган замонавий ҳамда дунё стандартларига мос шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати