Самарқанд давлат университетида ташкил этилган марказий студия орқали мамлакатимизнинг 20 га яқин олий таълим муассасаларида янги қурилган ўқув бинолари ва талабалар турар жойларининг очилишига Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмурадов старт берди.

    — Бугун Сизлар билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида талабаларимиз учун муносиб туҳфа тайёрланганлигини катта мамнуният билан эълон қилмоқчиман, — деди Қўнғиротбой Шарипов. — Яъни республикамиздаги 18 олий таълим муассасасида 9 минг 980 ўринли янги талабалар турар жойлари ҳамда 1000 ўринли ўқув биноси тўлиқ қуриб битказилди, азиз фарзандларимиз учун фойдаланишга топширилди…

    — Бугун интеллектуал тизимлар ва компютер технологиялари факултети учун қурилган, 1000 ўринли ўқув биноси тимсолида фарзандларимиз орзулари, бахти, умидлари ва эртанги куни мужассамлашган, — деди Рустам Холмурадов. — Мен хизмат тақозо­си билан кўплаб мамлакатлардаги университет ва институтларда бўлганман. Бугун тантанали очилган янги ўқув биноси уларнинг ҳеч қайсисидан қолишмайди…

    Янги бинолар фойдаланишга топширилгандан сўнг, Самарқанд давлат университетининг 1000 ўринли Интеллектуал тизимлар ва компютер технологиялари факултети кўздан кечирилди. Замонавий шароитларга эга мазкур бино тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.