Ипак йўли буғдой инновациялари альянсининг халқаро илмий анжумани

Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети, Ипак йўли буғдой инновациялари альянси ва Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида “Ипак йўли буғдой инновациялари альянси” халқаро илмий анжумани 2025-йил 20–23-август кунлари Самарқанд давлат университетида ўтказилади.
Анжуманда Хитойнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан 25 га яқин буғдой тадқиқотлари бўйича етакчи профессор-ўқитувчилар, олимлар ва соҳа вакиллари иштирок этади. Жумладан, Хитой Фанлар академияси, Дингши қишлоқ хўжалиги фанлари академияси, Хэнан технологиялар университети, Ниншия университети ҳамда Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети олимлари буғдой бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ва бу йўналишда эришилган сўнгги натижалар юзасидан маърузалар қиладилар.
Шунингдек, анжуман ишида Россия Фанлар академияси Сибир бўлими Ўсимликлар генетикаси ва селекцияси институти ҳамда Покистоннинг Қурғоқчил минтақa қишлоқ хўжалиги университети олимлари ҳам қатнашадилар.
Мазкур илмий-амалий анжуманда иқлим ўзгаришлари ва қурғоқчиликка чидамли янги буғдой навларини яратишда ген муҳандислиги усулларидан фойдаланиш, буғдой ҳосилдорлигини ошириш, унинг касаллик ва зараркунандаларига қарши курашнинг уйғунлашган усулларини ишлаб чиқиш бўйича Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларида олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари етакчи олимлар томонидан муҳокама қилинади.
Асосий мақсад — Ипак йўли мамлакатларида буғдой бўйича илмий тадқиқотлар савиясини ошириш ва ўзаро тажрибалар алмашиш орқали минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Анжуман очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори проф. Рустам Халмурадов ва Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университети проректори проф. Фанг Юлин томонидан Самарқанд давлат университетида “Хитой–Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги маркази”ни ташкил этиш бўйича шартнома имзоланади. Шунингдек, тадбир давомида ушбу марказнинг рамзий очилиш маросими ҳам ўтказилади. Ушбу ташаббус икки мамлакатнинг ўхшаш экологик ҳудудларида буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг илмий асосланган сўнгги ютуқларидан фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш ва минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Мазкур марказда Ўзбекистон шароитида тупроқ шўрланиши, қурғоқчилик ва иқлим ўзгаришларига мос янги буғдой ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яратиш, бу борада илмий-тадқиқотларни кучайтириш, шунингдек, селекция ва уруғчилик соҳасида янги авлод мутахассисларини ҳамкорликда тайёрлаш мақсад қилинган.