Самарқанд давлат университетига Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Юқори мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.

    Мулоқотда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.  Икки мамлакат университетлари ўртасида ахборот технологиялари, математика, физика, биология йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, рақамлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, минтақадаги сув танқислигини бартараф этиш масалалари хусусида фикр юритилди.

    Рустам Холмуродов хорижлик профессор-ўқитувчилар орасида ҳиндистонлик мутахассислар кўплиги, келгусида ўзаро ҳамкорлик йўналишларини янада ошириш эҳтиёжи борлигини, масофавий таълимни йўлга қўйиш зарурлигини, ядро физикаси ва тиббиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларидаги тадқиқотларни жадаллаштириш долзарб бўлиб турганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, суҳбат чоғида экология, академик алмашинув ва яна бошқа кўпгина масалаларга эътибор қаратди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.