Самарқанд давлат университетида Ядро ва янги технологиялари институти ташкил этилди...

Инсон фаолиятининг кўплаб соҳаларида, хусусан, энергетика, тиббиёт, биология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ядро технологияларидан фойдаланиш долзарб масалага айланди. Келажакда уларни қўллаш доираси ва ҳаётимиздаги роли мунтазам ўсиб боради. Биргина, мамлакатимиз энергетика тизимида ядро энергетикасидан фойдаланиш, арзон ва сифатли, экологик тоза энергияни ҳосил қилиш, аҳолини арзон энергия билан таъминлаш ва бу борада юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларда замонавий ядро технологияларидан самарали фойдаланиш кўникма ва малакаларини ҳосил қилиш долзарб масала бўлиб турибди.
Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари, жумладан, Франция, АҚШ, Япония, Хитой каби давлатларда ядро энергетикасидан фойдаланиш юқори даражага чиқди. Мамлакатимизда ядро технологияларидан фойдаланиш, келгусида бу технологияларни барча соҳаларда муваффақиятли қўллаш ва ядро технологиялари ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаш, уларнинг тажрибаларидан кенг фойдаланиш улкан самара беради.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «2019 – 2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорларида Самарқанд давлат университетига мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилганлиги ҳамда «2022 ‒ 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг «Академик Т.Мўминов номидаги ядро физикаси лабораторияси» негизида «Ядро ва янги технологиялари» институти ташкил этилди.
Институт таркибий тузилмаси 2 та кафедра, 2 та илмий ҳамда 2 та ўқув-илмий лабораторияларидан иборат. Янги институтда тиббиёт физикаси, амалий онкология асбоб-ускуналари муҳандислари, радиоизотоплар ишлаб чиқариш, циклотрон ва радиация терапияси асбоб-ускуналари муҳандислари, чизиқли электрон тезлатгичлари билан жиҳозланган марказлар учун мутахассислар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини радиацион қайта ишлаш учун чизиқли электрон тезлатгич қурилмаларида ишловчи мутахассис каби бугунги кун учун зарур малакали кадрлар тайёрланади.
Ядро технологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича, хусусан, нур билан танлаб даволаш, радионуклид диагностикаси, радионуклидлар ва тиббий изотоплар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нурлантириш орқали уларнинг сақланиш муддати ва хавфсизлигини таъминлаш, экинларни етиштириш ва зараркунандаларга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш, фойдали қазилмаларни қидириш ва бошқа шу каби амалий соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Ядро технологиялари асосида илмий ишланмалар, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, фаолият соҳасига оид тадқиқотларни Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Курчатов институти миллий тадқиқот маркази, Дубна шаҳридаги Бирлашган ядро тадқиқотлари институти ва бошқа хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, бугунга қадар «Академик Т.Мўминов номидаги ядро физикаси лабораторияси» (эндиликда “Ядро ва янги технологиялари институти”) ва кафедраларда ўндан ортиқ фан номзодлари, фалсафа ва фан докторлари, катта илмий ходимлар фаолият кўрсатиб келишмоқда. Халқаро миқёсда ўз мавқеига эга мазкур лабораториянинг илмий-тадқиқотлар борасидаги салоҳияти юқори ва тарихи илмий-амалий натижаларга бой бўлиб, атом ва ядро физикаси, замонавий спектрометрия, дозиметрия, ядро электроникасининг энг сўнгги русумдаги ускуналари билан жиҳозланган.
Халқаро ташкилотлар, хусусан МАГАТЭ билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар (UZB-0004, UZB-0005, UZB-0006) доирасида лаборатория учун 800 000 $ инвестиция ҳисобига юқори сифатли ускуналар олиб келинган. Ҳар йили 200 нафардан ортиқ бакалавр ва 20 нафар магистрантлар лаборатория амалиётини ўтамоқда. Сўнгги беш йил мобайнида лаборатория базасида таянч докторант ва мустақил изланувчилар томонидан 10 та фалсафа доктори (PhD) диссертация ишлари ҳимоя қилинган.
Лабораторияда электрон тезлатгичлари учун махсус ерости хоналари ва ноёб тажрибаларни амалга ошириш имконини берувчи 300 метрли ерости канал мавжуд бўлиб, лабораторияга 2003 йилда «Ноёб объект» мақоми берилган. Лаборатория кейинги йилларда етарлича моддий-техник базага эга бўлди. Лаборатория биносида замонавий ядро технологиялари қурилмалари, хусусан, тезлатгичлар, циклотрон ва бошқа қурилмалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган инфратузилма шаклланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.