Халқаро ҳамкорликнинг амалий самараси

СамДУ Жанубий Корея билан халқаро лойиҳани амалга оширмоқда…
СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг Миллий университети билан замонавий мева-сабзавотчилик соҳасидаги халқаро лойиҳани амалга оширмоқда.
Лойиҳанинг биринчи йилида амалга оширилган ишлар тақдим этиш ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида Жанубий Кореядан лойиҳа масъуллари СамДУга ташриф буюрдилар.
Ҳанкёнг Миллий университети делегациясини СамДУнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов кутиб олди.
Учрашув давомида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар, хусусан Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ҳудудида ақлли иссиқхона қурилиши, замонавий дарсликлар ва ўқув қўлланмаларнинг яратилиши ҳолати ўрганилди. Шунингдек, ушбу йўналишда янги стартап лойиҳаларини тайёрлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Ҳанкёнг Миллий университети профессорлари томонидан институт иқтидорли талабалари учун ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур семинарда фаол иштирок этган талабалардан 10 нафари саралаб олиниб, жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида Ҳанкёнг Миллий университетига малака ошириш учун юборилиши маълум қилинди.